Электр нархининг ошиши 98 % истеъмолчига таъсир қилмайди – Энергетика вазирлиги 

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 1 ноябридан эътиборан электр энергияси учун “ижтимоий норма” жорий қилиниб, унга кўра, электр энергиясини белгиланган лимитдан кўп ишлатган харидорлар бир неча баравар кўпроқ ҳақ тўлаши белгиланганди. Энергетика вазирлиги матбуот котиби Ҳасан Тошхўжаев ўзгаришни тушунтириб, тўлов миқдорига ўсувчан коэффициент аҳоли истеъмолчиларининг 98 фоизига мутлақо таъсир қилмаслигини билдирди. 

Унинг айтишича, Ўзбекистондаги 7 миллион 589 мингдан зиёд абонентнинг атиги 146 мингдан ортиғи 1000 киловатт/соатдан кўп электр энергияси ёқади, холос. Уларнинг атиги 10 минг нафаригина ойига 5 минг киловатт/соатдан ошиқ, бор-йўғи, 4 мингдан ортиқ истеъмолчи эса ойига 10 минг киловатт/соатдан зиёд электр энергияси истеъмол қилади. 

“Бизни хурсанд қиладиган жиҳати, бу янгиликни кўпчилик соғлом ақл билан тўғри қабул қиляпти ва қўллаб-қувватламоқда”, дейди Ҳасан Тошхўжаев.

Унинг билдиришича, тариф нархи ошаётгани йўқ. У ҳали ҳам 295 сўмни ташкил этади.

“Аммо одамларда тежамкорлик кайфиятини кучайтириш ҳамда "яширин иқтисодиёт" унсурларига барҳам бериш учун қўшимча ўсувчан коэффициент қўлланилиши назарда тутилмоқда”, дейди вазирлик матбуот котиби.

Тошхўжаевнинг тушунтиришича, бунда истеъмолчи бир ойда 1000 киловатт/соатгача электр энергияси сарфласа, 295 сўмдан жами 295 минг сўм тўлайди. 1001 киловатт/соатдан 5000 киловатт/соатгача сарфласа, 1000 киловатт/соат учун 295 сўмдан 295 минг, айтайлик, 4850 киловатт/соат ёққан бўлса, 1001 дан 4850 гача 590 сўмдан 2 миллион 271 минг 500 сўм, жами 2 миллион 566 минг 500 сўм тўлайди.

Олдин истеъмолчи бунинг учун жами 1 миллион 430 минг 750 сўм тўларди, холос.

“Агар бир ойда 9420 киловатт/соат ишлатсангиз-чи? Худди боягидек 1000 киловатт/соат учун 295 минг сўм, 1001 киловатт/соатдан 5000 киловатт/соатгача 590 сўмдан 2 миллион 360 минг сўм, 5001 киловатт/соатдан 9420 киловатт/соатгача 3 миллион 911 минг 700 сўм, жами 6 миллион 566 минг 700 сўм тўлов қиласиз”, дея тушунтиради Тошхўжаев.

Қайд этилишча, ўсувчан коэффициентгача бир ойда 9420 киловатт/соат сарфлаган истеъмолчи бунга 2 миллион 778 минг 900 сўм тўларди.

“Яъни у бир ойда 6 миллион 358 минг 500 сўм шартли субсидия олгани ҳолда, аҳолининг қолган 98 фоиз қисмидан кўра бир неча ўн карра кўпроқ электр энергиясини истеъмол қиларди. 1 ноябрдан кейин бунга чек қўйилади”, дейди вазирлик вакили.

Билдирилишича, худди шу ўсувчан тариф 10 минг киловатт/соатдан зиёд ток ишлатадиганларга ҳам қўлланилмоқда. Энди кимда-ким бундан кўп свет ёқса, у учун белгиланган тарифга нисбатан 4 баробар ўсувчи коэффициент қўлланилади.

“Яъни, сиз бир ойда 12 минг 400 киловатт/соат сарфласангиз, унга қуйидагича тўлов қиласиз. 1000 киловатт/соатгача – 295 сўмдан – 295 минг сўм. 1001 киловатт/соатдан 5000 киловатт/соатгача – 590 сўмдан – 2 миллион 360 минг сўм. 5001 киловатт/соатдан 10 минг киловатт/соатгача – 885 сўмдан – 4 миллион 425 минг сўм. 10 минг киловатт/соатдан 12 минг 400 киловатт/соатгача – 1180 сўмдан – 2 миллион 832 минг сўм. Жами: 9 миллион 912 минг сўм”, деб тушунтирган Тошхўжаев.

1 ноябргача эса худди шунча миқдорда электр энергияси истеъмол қилган абонент 3 миллион 658 минг сўм тўлаган. Шу билан бирга, у давлатдан 8 миллион 370 минг сўм шартли субсидия ҳам олган.

“Хуллас, бу ўсувчан коэффициентлар адолатли ҳамда энергия тежамкор ва энергия самарадор ечим бўлмоқда”, дея хулоса қилган Энергетика вазирлиги вакили.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ иқтисодчи Отабек Бакиров мазкур ўзгаришни ҳукуматнинг электр энергияси тарифлари борасида севимли бойлар тарафдан узоқлашиб, ижтимоий қатламга қайишиши деб атаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Энергетика вазирлиги электр энергияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг