Эквадорда 500 киши яна Президент кортежига ҳужум қилди

Олам

image

Эквадор Президенти Даниэль Нобоанинг кортежи намойишчилар томонидан яна тошбўрон қилинди. Бу ҳақда мамлакат Президент Администрациясининг Х саҳифасида хабар берилди.

Воқеа кеча, 7 октябрь куни мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган Кануар провинциясида юз берган. 

Мамлакат Экология вазири Инес Манзанонинг маълум қилишича, Нобоа сувни тозалаш иншоотининг очилиш маросимига йўл олаётганида юзлаб намойишчилар кортежни ўраб олган. 

“Тахминан 500 киши келиб, кортежга тош отди. Президент машинасида эса, кўринишидан ўқ излари бор”, деган вазир. 

Президент Администрацияси ҳужумга учраган машиналар суратларини ва воқеа пайтида автомобилдан олинган видеони эълон қилган. ОАВ хабарларига кўра, ҳужум бўйича камида беш киши ҳибсга олинган. Улар “терроризм” ва “қотилликка суиқасд” моддалари бўйича жавобгарликка тортилади.

Эквадорда намойишлар сентябрь ўрталаридан бери давом этмоқда. Намойишларга ҳукуматнинг дизель ёқилғисига берилаётган субсидияларни бекор қилиш ҳақидаги қарори сабаб бўлган. Бу қарор оқибатида ёқилғи нархлари кескин ошган. Ҳукумат бу чора давлат харажатларини камайтириш, ёқилғи контрабандасига қарши курашиш ва ижтимоий дастурларга маблағ ажратиш мақсадида қабул қилинганини билдирган.

Намойишлар кўп марта полиция билан тўқнашувларга айланиб кетган, камида бир фуқаро ҳалок бўлган. Ҳукумат тартибсизликларни гиёҳвандлик картеллари уюштираётганини айтиб, ҳокимият вакилларига уюштирилган ҳужумларни террорчилик актлари сифатида баҳолаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Нобоанинг кортежи тошбўрон қилинган эди. Ўша вақтда Президент машинасида Ватикан вакили ва Европа Иттифоқи элчиси ҳам бўлган, аммо ҳеч ким жароҳат олмаган.

37 ёшли Даниэль Нобоа 2023 йилнинг октябридан бери Эквадор Президенти лавозимида ишлаб келмоқда. У 2025 йил апрелдаги сайловларда ҳам ғалаба қозониб, ваколат муддатини мустаҳкамлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Эквадор Даниэль Нобоа Инес Манзано

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг