Экспорт қилишда олдиндан 50 фоиз тушумни таъминлаш бекор қилинди
Local
−
13:56 577 2 minutes
Ўзбекистонда давлат божхона хизмати органлари фаолияти такомиллаштирилиб, божхона орқали импорт-экспорт жараёнларини амалга оширишда бир қанча талаблар бекор қилинади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 27 август куни қабул қилинган “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 174-сонли фармонида сўз боради.
Ҳужжатга кўра, 2026–2030 йилларга мўлжалланган “Янги Ўзбекистон божхонаси – 2030” стратегияси тасдиқланган ҳамда қуйидагилар стратегиянинг устувор йўналишлари этиб белгиланган:
- божхона жараёнларида тадбиркорлик субъектларига ва жисмоний шахсларга қулай шарт-шароитлар яратиш;
- божхона органлари инфратузилмасини яхшилаш ва сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали рақамлаштириш даражасини юқори босқичга олиб чиқиш;
- божхона маъмурчилигини янада такомиллаштириш ва бошқалар.
Шунингдек, 2026 йил 1 сентябрдан ташқи савдо шартномасини тузмасдан инвойс асосида импортни амалга оширишда хорижий ҳамкорга олдиндан тўлов ўтказиш чеклови ва ташқи савдо шартномасини тузмасдан инвойс асосида экспортни амалга оширишда олдиндан 50 фоиз тушумни таъминлаш бекор қилинади.
Шу билан бирга, жорий йил 1 сентябридан товарлар экспортини миллий валютада амалга оширишда олдиндан тўловни таъминлаш ёки тўловнинг кафолатли шаклларини (аккредитив, банк кафолати, суғурта полиси) тақдим этиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини синовдан ўтказиш учун маҳсулот намунаси етарли бўлмаганда, санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш талаблари ҳам бекор қилинади.
Шу қаторда, жорий ой бошидан божхона расмийлаштируви жараёнида биологик актив ва янги кимёвий моддалар, озиқ-овқат қўшимчалари, полимер, парфюмерия-косметика маҳсулотларини олиб кириш учун рухсатнома, шунингдек, дори воситалари ҳамда тиббий жиҳозлар давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиш ҳам шарт бўлмайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 август куни Президентнинг Хивада бўлиб ўттган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида Ўзбекистонда бизнес билан боғлиқ барча турдаги жарималар миқдори ўртача 2 баробар камайтирилиши айтилганди.
Live
All