Экологик носоз автомобиль ҳайдовчиларига чора кўрилади
Жамият
−
10 Апрель
3747Махсус тадбирлар давомида экологик носоз деб топилган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан чоралар кўрилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Экология ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида навбатдаги “Тоза ҳаво” ойлиги ўтказилади.
Тадбир автотранспорт воситаларининг экологик ҳолатини назорат қилиш мақсадида икки босқичда бўлиб ўтади.
Биринчи босқич 10 апрелдан 10 майгача, иккинчи босқич эса 10 августдан 10 сентябргача ташкил этилади (Тошкент шаҳрида 10 сентябрь – 10 октябрь).
“Тоза ҳаво” ойлиги давомида мунтазам ЙПХ масканларида, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳамда кўчаларда ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари текширилади. Экологик носоз деб топилган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 87- (чиқиндиларда ифлослантирувчи моддалар нормативдан ортиқ бўлган транспорт ва бошқа ҳаракатланувчи воситалар ва қурилмаларни тайёрлаш ҳамда фойдаланишга чиқариш) ва 125-моддаларига (транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) мувофиқ чоралар кўрилади. Шунингдек, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига (атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатилишини чеклаш, тўхтатиб туриш ёки тугатиш) асосан, автотранспорт воситаларидан носозлиги бартараф этилгунга қадар фойдаланиш тақиқланади.
“Ҳурматли ҳайдовчилар! Сиздан носоз, атмосфера ҳавосига меъёрида ортиқ зарарли ташламалар чиқарадиган автотранспорт воситаларидан фойдаланмасликни сўраймиз!” дейилади вазирлик хабарида.
LiveБарчаси