Эбола назоратдан чиқиб кетмоқда – MSF
Олам
−
31 Май 4593 2 дақиқа
Эбола вируси назоратдан чиқиб, Марказий Африкада шиддат билан тарқалмоқда. Бу ҳақда “Чегара билмас шифокорлар” (Médecins Sans Frontières / MSF) халқаро ташкилоти хабар берди.
“Конго Демократик Республикаси (КДР) шарқидаги Итури провинциясида кузатилаётган Эбола безгагининг навбатдаги авж олиши мисли кўрилмаган суръатлар билан тарқалмоқда,” дейди ташкилотнинг амалиётлар бўйича директор ўринбосари Алан Гонсалес.
Унинг сўзларига кўра, Эбола эпидемияси расман эълон қилинганидан кейин бу қадар қисқа вақт ичида бунчалик кўп юқиш ҳолатлари илгари ҳеч қачон кузатилмаган. Эпидемия бошлангани эълон қилинганидан икки ҳафта ўтиб ҳам вазият жиддий хавотир уйғотишда давом этмоқда, кўрилаётган чоралар эса касалликнинг тарқалиш тезлигидан ортда қолмоқда.
“Ҳар куни касалликка чалинганликда гумон қилинаётган янги ҳолатлар ҳақида хабарлар келмоқда, бироқ юзлаб таҳлил намуналари текширилмасдан қолмоқда. Шу билан бирга, чегаралар ва аэропортларнинг ёпилиши каби жиддий чекловлар ҳаётий муҳим тиббий воситалар, гуманитар ёрдам ва соҳа мутахассисларини етказиб беришни кечиктирмоқда. Тажрибамиздан биламизки, бундай муаммолар касаллик авж олишига қарши курашишни қийинлаштиради ва халқаро кўмакка муҳтож бўлган давлатларни ажратиб (изоляция қилиб) қўяди”, дейди Алан Гонсалес.
“Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти тестдан ўтказиш имкониятларини зудлик билан кенгайтиришга, халқаро тиббий ва гуманитар ёрдамни кучайтиришга ҳамда эпидемия тарқалган ҳудудларга тўсиқларсиз киришни таъминлашга чақирмоқда.
Конго расмийлари Эбола безгаги авж олганини 15 май куни эълон қилган эди. Касалликни илк бор 2007 йилда Угандада аниқланган Эбола-Бундибужио вируси келтириб чиқарган. Бу сафарги эпидемия ўчоғи мамлакат шарқидаги Итури провинцияси бўлиб, касаллик Шимолий ва Жанубий Киву провинцияларига ҳам тарқалган.
Ҳозирги вақтга келиб Конгода 1 мингдан ортиқ гумонланувчи касалланиш ҳолати ва 240 га яқин ўлим ҳолати қайд этилган.
22 май куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Эбола безгаги хавфи даражасини миллий миқёсда “жуда юқори”, минтақавий даражада эса “юқори” қилиб кўтарди. Глобал миқёсда эса, ташкилот баҳолашича, хавф ҳозирча “паст” даражада қолмоқда.
Эболанинг тарихдаги энг ҳалокатли авж олиши 2014–2016 йилларда Ғарбий Африкада юз берган. Ўшанда 11 300 дан ортиқ инсон вафот этган, касалланганлар сони эса 28 600 дан ошиб кетган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус Конго Демократик Республикасига ташриф буюриб, мамлакатдаги Эбола вируси тарқалишини тўхтатиш мумкинлигини айтганди.
Live
БарчасиПашиняннинг қуши учмади
03 Июнь