Дунёдаги энг сирли воқеа: Малайзия 10 йил олдин йўқолган MH370 рейсини қидиришни давом эттиради

Олам

image

Бугун, 20 декабрь куни Малайзия Транспорт вазири дунёдаги энг катта авиация сирларидан бири ҳисобланувчи 10 йилдан олдин йўқолган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг MH370 рейси бўйича қидирув ишларини давом эттиришга розилик берди. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда.

MH370 рейси билан боғлиқ сирли воқеа 2014 йил 8 мартда содир бўлганди. 227 йўловчи ва 12 экипаж аъзосини олиб кетаётган Boeing 777 самолёти Куала-Лумпурдан Пекинга парвоз қилаётганида ғойиб бўлган.

Малайзия Транспорт вазири Энтони Локенинг билдиришича, жанубий Ҳинд океанининг янги ҳудудида қидирув ишларини давом эттириш таклифини Ocean Infinity қидирув фирмаси илгари сурган. Бу фирма 2018 йилда самолётни қидириш бўйича сўнгги ҳаракатларни амалга оширганди. Агар фирма ҳалокат қолдиқларини аниқ топса, 70 миллион доллар миқдорида мукофот олади.

“Бизнинг масъулиятимиз ва мажбуриятимиз марҳумларнинг яқинларига нисбатан чексиздир. Умид қиламизки, бу сафар натижа ижобий бўлади, ҳалокат қолдиқлари топилади ва бу оилаларга тасалли беради”, деди у.

Малайзиялик терговчилар дастлаб самолётнинг атайин нотўғри йўналишга олиб кетилгани эҳтимолини истисно қилмаган. Олдинроқ Африка қирғоқлари ва Ҳинд океани оролларида ўша самолётга тегишли деб тахмин қилинаётган баъзи қолдиқлар топилган. Ушбу парвозда 150 дан ортиқ хитойлик йўловчилар бўлган ва уларнинг яқинлари Malaysia Airlines, Boeing, самолёт двигатели ишлаб чиқарувчи Rolls-Royce ва Allianz суғурта гуруҳи каби компаниялардан компенсация талаб қилган.

Малайзия Ocean Infinity компаниясини 2018 йилда ҳам жанубий Ҳинд океанида қидирув ишларини олиб бориш учун ёллаган эди ва қолдиқлар топилган тақдирда 70 миллион долларгача тўлашни таклиф қилган. Бироқ уринишлар самарасиз якунланган.

Самолёт қандай йўқолган?

Парвознинг дастлабки 20 дақиқаси режа бўйича ўтган. Маҳаллий вақт билан соат 1:08 да самолёт Малайзия қирғоғини кесиб ўтиб, Жанубий Хитой денгизи орқали Вьетнам томон йўл олган. Капитан самолётнинг 10,6 км баландликда учаётганини билдирган ва ҳаммаси жойида бўлган.

Соат 1:19 да Малайзия ҳаво ҳаракати бошқарув маркази учувчиларга Вьетнам назоратчилари билан боғланишни буюрган. Капитан “Хайрли тун, MAS 370”, деб жавоб берган. Бу самолётдан эшитилган охирги сўзлар эди.

Кейинги 30 сония ичида MH370 радарлардан йўқолган. Малайзия ва Вьетнам ҳаво ҳаракати бошқарувчилари самолёт билан боғлана олмаган. Самолётнинг Пекинга қўниши керак бўлган вақт ўтиб кетганидан сўнг соат 6:32 да қидирув ва қутқарув ишлари бошланган.

Дастлабки қидирув ишлари самолёт охирги кўринган жой – Жанубий Хитой денгизида олиб борилган. Операцияда 7 та давлатдан 34 та кемалар ва 28 та самолёт иштирок этган. Бироқ бир неча кунлаб давом этган ҳаракатларга қарамай, ҳеч қандай из топилмаган.

2014 йил 12 март куни ҳарбий радарлар кутилмаган маълумотни ошкор қилди. MH370 Вьетнамга томон эмас, балки ғарбга бурилиб, Малайзия устидан ўтиб, Никобар ороллари томон Андаман денгизига йўл олган.

Нега самолёт йўналишини ўзгартирди? Техник носозлик, ўғирлаб кетиш ёки бошқа сабабми? Бу саволлар ҳанузгача жавобсиз қолмоқда.

Самолётнинг аниқ жойлашуви номаълум бўлса-да, бир сунъий йўлдош MH370дан келган 7 та алоқа сигналини қайд этган. Бу сигналлар самолётнинг автоматик тарзда сунъий йўлдошга уланишга уринаётганини билдирарди. Ушбу сигналлардан фойдаланиб, терговчилар самолётнинг тахминий сўнгги йўналишини аниқлади. Бу ҳудуд “7-арк” деб номланиб, Австралия ғарбида, Ҳинд океанида жойлашган эди. Ушбу ҳудуд дунёдаги энг йирик қидирув операциясининг марказига айланди, операция 160 миллион доллардан ортиқ маблағга тушди.

Йиллар давомида самарасиз бўлган қидирув ишлари натижаси 2015 йилда ўзгарди. Реюньон оролида MH370га тегишли бўлган бир бўлак топилди. Кейинчалик турли оролларда самолётга тегишли бўлган жами 27 та бўлак топилди. Бу қолдиқлар самолётнинг океанга қулаганини тасдиқлади.

Самолёт нима учун қулаган? Мутахассислар бир нечта назарияларни таклиф қилди:

  • Учувчининг ўз жонига қасд қилиши: Баъзилар капитан самолётни қасддан қулатган деб тахмин қилмоқда. Бироқ бу назария баҳсли, чунки унинг руҳий касаллик ёки шахсий муаммолари йўқ эди.
  • Терроризм: икки йўловчи қалбаки паспорт билан учган, лекин улар зарарсиз одамлар эканлиги аниқланди.
  • Кислород етишмовчилиги: техник носозлик туфайли кислород йўқолиб, самолёт автоматик бошқарувда ёнилғи тугагунча учиб кетгани тахмин қилинмоқда.
  • Одамлар тасаввурлари ва фитналар: бегона сайёраликлар, махфий ҳарбий операциялар ёки янги “Бермуд учбурчаги” каби “ақлдан оздирувчи” назариялар илгари сурилди, лекин улар далилга эга эмас.

2022 йилда аэрокосмик муҳандис Ричард Годфрей янги технологиядан фойдаланган ҳолда MH370 йўлини аниқлаш усулини таклиф қилди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, самолёт Ҳинд океанидаги “7-арк” яқинида, 4 километр чуқурликда жойлашган.

Агар унинг прогнозлари тўғри бўлса, MH370ни ниҳоят топиш мумкин бўлади. Янги қидирув ишлари анча кичикроқ ҳудудни қамраб олади.

MH370нинг йўқолиши авиация тарихидаги энг катта сир бўлиб қолмоқда. Ўн йилдан кўп вақт ўтган бўлса-да, терговчилар ва тадқиқотчилар жавоб излашда давом этмоқда. Йўловчиларнинг оилалари учун бу фожиа ҳали ҳам очиқ. Дунё ушбу сир бир кун ҳал бўлишини умид билан кутмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Малайзия MH370 рейси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг