Дунёдаги энг катта динозавр бош суяги намойиш этилди (фото)

Бу қизиқ

image

Дунёдаги энг катта динозавр бош суяги Даниядаги Кнутенборг сафари боғидаги янги музейда намойиш қилинди. Бу ҳақда “Madison.com” хабар берди. 

Қайд этилишича, бу ҳозиргача топилган дунёдаги энг катта динозавр бош суяги бўлиб, унинг узунлиги тахминан уч метрни ташкил этади. Мазкур бош суяги цератопс оиласига мансуб бўлган торозаврга тегишли ҳисобланиб, унга “Адам” номи берилган. Кўргазмага қўйилган динозавр қолдиқлари АҚШдан топилган. 

"Мен учун энг ҳаяжонлиси бу ерда 150 миллион йиллик нарсаларни топиш имкониятидир. У ҳаракатсиз ётган ва жуда яхши сақланган", дейди Кнутенборг сафари боғининг раҳбари Кристоффер Кнут. 

Маълумот учун, торозаврлар бўр даврининг охирида, тахминан бундан 70 миллион йил олдин яшаган. Улар катта ўтхўр динозаврлар бўлиб, баландлиги саккиз метргача, оғирлиги эса 4 тоннага қадар етган. 

Торозаврнинг бош суягидан ташқари музейда яна бешта қадимий динозаврнинг тошга айланган қолдиқлари, жумладан, Катта Жо номли аллазавр суяги намойиш этилади. У дунёдаги энг яхши сақланиб қолган қолдиқлардан биридир. Шунингдек, экспозицияга археоптерикснинг тошга айланган қолдиқлари киради. Бундан ташқари, музей меҳмонлари бошқа қадимий ҳайвонларнинг скелетлари билан ҳам танишиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШда динозавр скелети рекорд даражадаги нархда сотилганди. Шунингдек, 65 миллион йиллик динозавр скелети кутилганидан арзонга сотилган. 

Бундан ташқари, 66 миллион йил олдин яшаган динозавр тухумлари топилгани, Ўзбекистонда эса Африка филидан каттароқ динозаврлар яшагани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дания динозавр бош суяги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг