“Дунёдаги энг ғамгин фил” вафот этди
Бу қизиқ
−
01 Декабрь 2023
8413Филиппинда 30 йилдан ортиқ ёлғиз яшашга мажбур бўлган "дунёдаги энг ғамгин фил" вафот этди. Бу ҳақда “Independent” нашри хабар берди.
Филиппин пойтахти Маниладаги ҳайвонот боғида Вишва Маали ёки қисқача Мали исмли фил яшаган. Ўлими пайтида у тахминан 43 ёшда эди, аммо унинг аниқ ёши номаълум.
Бу ҳайвон 30 йилдан ортиқ вақт давомида ушбу ҳайвонот боғида ягона фил бўлгани сабабли ҳайвонлар ҳимоячилари орасида шуҳрат қозонган. Шу сабабли “People for the Ethical Treatment of Animals” (PETA) хайрия ташкилоти Малини “дунёдаги энг ғамгин фил” деб атаган.
Мали Филиппинга 1988 йилда Шри-Ланкадан мамлакатнинг ўша пайтдаги биринчи хоними Имельда Маркосга совға сифатида келтирилган. Фил ўзининг биринчи ойларини Манила ҳайвонот боғида Шива исмли бошқа фил билан бирга ўтказди.
Аммо 1990 йилда Шива вафот этди ва ўшандан бери Мали Манила ҳайвонот боғида ўз турининг ягона вакили бўлиб қолди, чунки муассасанинг бошқа фил сотиб олишга пули йўқ эди. Ҳайвонлар ҳуқуқлари фаоллари бир неча бор Малини бошқа давлатга кўчиришга чақирган ва Манила ҳайвонот боғи раҳбариятини унга нисбатан ёмон муносабатда бўлгани учун танқид қилган.
PETA 2005 йилда Малини қайта жойлаштириш бўйича бутун дунё бўйлаб кампания бошлади. Акцияга, хусусан, Нобель мукофоти лауреати Жон Мааксвелл Кутси, қўшиқчи Пол Маккартни, актриса Брижит Бардо ва бошқа таниқли шахслар қўшилди. Аммо охир-оқибат бу иш бермади ва Мали 30 йилдан ортиқ – деярли бутун ҳаётини ёлғиз яшади.
Ҳайвонот боғининг бош ветеринар шифокори, доктор Гейнрих Патрик Пеня-Домингонинг сўзларига кўра, Мали охирги пайтларда доимий равишда танасини деворга ишқалаган, бу ички оғриқни кўрсатган. 28 ноябрь куни жониворнинг аҳволи ёмонлашди, у ёнбошлаб ётар, оғир нафас оларди. Ҳайвонот боғи ветеринарлари унга антигистаминлар ва витаминлар берган, аммо у ўша куни тушдан кейин вафот этган. Аутопсия натижасида Малида ошқозон ости бези саратони борлиги аниқланган.
PETA ҳайвонот боғи ва Филиппин ҳукуматини филнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга эътибор бермасликда ва уни ўнлаб йиллар давомида "яккалик камерасида" ушлаб туришда айблади.