Дунёда 1 млн турдаги ўсимлик ва ҳайвон йўқ бўлиб кетиш арафасида – БМТ

Бу қизиқ

image

Бутун дунё бўйлаб 1 миллионга яқин ўсимлик ва ҳайвон турлари йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди. Бу ҳақда бугун, 22 май “Халқаро биологик хилма-хиллик куни”да Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.

Маълумотларга кўра, биологик хилма-хиллик инсоният учун беқиёс қадрият бўлишига тобора кўпроқ эътибор қаратилаётганига қарамай, инсон фаолияти оқибатида у жадал суръатларда камайишда давом этмоқда. Хусусан, бутун дунё бўйлаб 1 миллионга яқин ўсимлик ва ҳайвон турлари йўқ бўлиб кетиш арафасида.

“Биологик хилма-хиллик – бу ҳаёт асосидир, барқарор ривожланишнинг пойдеворидир”, деди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ушбу кун муносабати билан қилган мурожаатида.

Аммо унинг айтишича, инсоният биологик хилма-хилликни чақмоқдек тезликда йўқ қилмоқда. Бунинг сабаблари: атроф-муҳитнинг ифлосланиши, иқлим инқирози, экотизимларнинг емирилиши ва қисқа муддатли манфаатлар таъқиби.

“Биологик хилма-хилликнинг йўқолиши глобал муаммодир ва уни ҳеч бир давлат қанчалик бой ёки қудратли бўлмасин, ёлғиз ўзи ҳал қила олмайди. Шу билан бирга, ҳеч бир мамлакат бой биологик хилма-хилликсиз яшай олмайди”, дейди Антониу Гутерриш.

У ишлаб чиқариш ва истеъмолга бўлган ёндашувларни тубдан ўзгартиришга, шунингдек, Кунминг-Монреал глобал биологик хилма-хиллик дастурини тўлиқ амалга оширишга чақирмоқда.

Ушбу дастурда 2050 йилгача табиий ресурслар йўқолишини тўхтатиш ва бу жараённи орқага қайтаришга қаратилган аниқ мақсад ва вазифалар белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ инсон фаолияти оқибатида 1970 йилдан 2020 йилгача ёввойи ҳайвонлар популяцияси 73 фоизга камайгани хабар қилинганди. Энг оғир вазият Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида кузатилмоқда. Ушбу ҳудудларда популяция 50 йил ичида 95 фоизга камайган. Африкада ҳам вазият мураккаб: у ерда ёввойи ҳайвонлар сони 76 фоизга қисқарган. Осиё ва Тинч океани минтақасидаги давлатларда қисқариш 60 фоизни, Шимолий Америкада 39 фоизни, Европада эса 35 фоизни ташкил этган.


Мақола муаллифи

Теглар

ўсимлик ҳайвонот биологик хилма-хиллик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг