Дунё океанини ҳимоя қилиш бўйича тарихий келишув кучга кирди
Олам
−
17 Январь 1828 2 дақиқа
Бугун, 17 январдан бошлаб тарихий ҳужжат – миллий юрисдикция доирасидан ташқаридаги ҳудудларда денгиз ва океанларнинг биологик хилма-хиллигини сақлаш ва ундан барқарор фойдаланиш тўғрисидаги битим кучга кирди. Бу ҳақда БМТ Ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳужжат 2023 йил июнь ойида қабул қилинган. Шундан буён уни 145 та давлат имзолаган, 81 та давлат эса расман ратификация қилган. БМТнинг Денгиз ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясида белгиланган тамойилларга таянган ҳолда, мазкур битим жаҳон океанининг учдан икки қисмини ҳимоя қилиш бўйича ҳуқуқий асосларни сезиларли даражада мустаҳкамлайди. Хусусан, у океан ва унинг ресурсларини ўзлаштириш масаласида халқаро ва идоралараро ҳамкорлик учун зарур бўлган механизмларни белгилайди.
Ушбу битимнинг самарали ва ўз вақтида амалга оширилиши океан билан боғлиқ Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳамда биохилма-хиллик бўйича Кунмин–Монреал глобал доиравий дастурини рўёбга чиқаришга муҳим ҳисса қўшади.
Хабарда қайд этилишича, заҳарли кимёвий моддалар ва миллионлаб тонна пластик чиқиндилар қирғоқбўйи экотизимларини тўлдириб юбормоқда, бу эса балиқлар, денгиз тошбақалари, денгиз қушлари ва сутемизувчиларнинг нобуд бўлишига ёки уларга жиддий зарар етишига олиб келмоқда. Бундан ташқари, хавфли заррачалар инсон истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларига ҳам тушмоқда. 2021 йилда жаҳон океанига 17 миллион тоннадан ортиқ пластик чиқинди тушган бўлиб, бу океанлардаги барча чиқиндиларнинг 85 фоизини ташкил этади. Прогнозларга кўра, ушбу кўрсаткич ҳар йили икки ёки уч бараварга ошиб бориши мумкин. Агар чоралар кўрилмаса, 2050 йилга бориб денгизларда пластик миқдори балиқлардан ҳам кўп бўлиши эҳтимоли мавжуд.
Битим океанни ифлослантираётган субъектларга жавобгарлик юклайди ҳамда юзага келиши мумкин бўлган низоларни ҳал этиш механизмларини жорий қилади. Ҳужжатга мувофиқ, миллий юрисдикция доирасидан ташқаридаги сув ҳудудларида режалаштирилаётган ҳар қандай фаолият бўйича томонлар ўз ҳаракатларининг атроф-муҳитга эҳтимолий таъсирини баҳолаши шарт.
Олимлар ҳисоб-китобига кўра, ҳозирга қадар қарийб 200 минг турдаги денгиз организмлари аниқланган, бироқ уларнинг ҳақиқий сони бундан анча кўп бўлиши мумкин.