Дунё кутган учрашувнинг вақти эълон қилинди
Олам
−
14 Август 33151 2 дақиқа
Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Аляскадаги учрашуви 15 август куни маҳаллий вақт билан 11:30 да (Ўзбекистон вақти билан соат 23:30) бошланади. Бу ҳақда бугун, 14 август куни Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
Ушаковга кўра, аввал икки давлат раҳбарлари таржимонлар иштирокида яккама-якка мулоқот қилади, сўнгра делегациялар таркибида музокаралар давом этади ва ишчи нонушта билан якунланади. Учрашув қанча давом этиши суҳбат давомийлигига боғлиқ бўлиши айтилган. Асосий мавзу Россия–Украина можаросини ҳал этиш бўлади.
Россия делегацияси таркибига Ушаков, Молия вазири Антон Силуанов, Мудофаа вазири Андрей Белоусов, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамда Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев киради.
Қайд этилишича, учрашув “синов” характерида бўлиб, якуний босқич Путин ва Зеленский учрашуви бўлиши мумкин.
Музокараларда “ҳудудлар алмашинуви” масаласи ҳам муҳокама қилиниши кутилмоқда. Трамп бу жараёнда икки томон учун ҳам “ёқимсиз нарсалар” бўлишини, фронт чизиқлари ўзгаришини айтган ва агар музокара муваффақиятсиз тугаса, жараёндан чиқиб кетиши мумкинлигини билдирган.
Россия ТИВ эса Конституцияда мамлакат ҳудудий тузилиши белгиланганини эслатиб, бу борада изоҳ етарли эканини қайд этган. Зеленский ҳам барчасини ҳудудий ўзгаришсиз ҳал қилмоқчи. Путин каби у ҳам мамлакат қонунларини эслатиб, Россияга бир қарич ҳам ер берилмаслигини айтган.
Қайд этиш жоиз, шундай ноаниқликлар фонида Трамп Киевга хавфсизлик кафолатларини беришга тайёрлигини айтди. “The Telegraph” нашри эса вазиятдан хабардор манбаларига таяниб, Дональд Трамп Анкорижда бўлиб ўтадиган саммитда Владимир Путинга Москва учун бир қанча қулай таклифлар билан чиқиши ҳақида хабар берган эди. Таклифлар орасида Москвага Алясканинг табиий ресурсларидан фойдаланиш имкониятини бериш ва Россия авиация саноатига нисбатан АҚШ санкцияларини бекор қилиш бор.