Аляскага Россиядан кимлар бориши маълум бўлди

Олам

image

Россиянинг АҚШ билан Аляскада эртага, 15 август куни бўлиб ўтадиган музокаралари учун борадиган делегацияси таркиби маълум бўлди. Бу ҳақда бугун, 14 август куни Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

Унга кўра, таркибга Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Ушаковнинг ўзи, Мудофаа вазири Андрей Белоусов, Молия вазири Антон Силуанов ҳамда Президентнинг инвестицион-иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили, Россия тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси бош директори Кирилл Дмитриев киради.

Ушаковнинг айтишича, Америка делегацияси таркиби ҳам белгиланган, бироқ уни АҚШ томони эълон қилиши “тўғрироқ бўлади”.

Ушаковнинг сўзларига кўра, музокаралар якунида делегациялар аъзолари қўшма матбуот анжумани ўтказади ва Россия делегацияси музокаралар тугаши билан дарҳол Аляскадан учиб кетади.

Маълумот учун, эртага, 15 август куни Россия ва АҚШ Президентлари Владимир Путин ҳамда Дональд Трамп Аляскада Россия-Украина можаросини якунлаш бўйича музокаралар ўтказади. Учрашув штатнинг энг йирик шаҳри Анкорижда бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Telegraph” вазиятдан хабардор манбаларига таяниб, Дональд Трамп Анкорижда бўлиб ўтадиган саммитда Владимир Путинга Москва учун бир қанча қулай таклифлар билан чиқиши ҳақида хабар берган эди. Таклифлар орасида Москвага Алясканинг табиий ресурсларидан фойдаланиш имкониятини бериш ва Россия авиация саноатига нисбатан АҚШ санкцияларини бекор қилиш бор.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Аляска

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг