Дунё буюк етакчини йўқотди – Гутерриш Горбачёвнинг ўлимидан чуқур қайғуга тушганини айтди
Олам
−
31 Август 2022
5150СССРнинг биринчи президенти Михаил Горбачёв тарих ривожини ўзгартирган ва Совуқ урушни тинч йўл билан якунлаш учун ҳаммадан кўпроқ хизмат қилган давлат арбоби эди. Бу ҳақда бугун, 31 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш томонидан тарқатилган баёнотда айтилади.
“Тарих ривожини ўзгартирган меҳрибон давлат арбоби Михаил Горбачёвнинг вафоти ҳақидаги хабар мени чуқур қайғуга солди. У Совуқ урушни тинч йўл билан якунлаш учун ҳаммадан кўра кўпроқ ҳаракат қилди”, дейди БМТ Бош котиби.
У Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номидан Михаил Горбачёвнинг оиласига, Россия Федерацияси халқи ва ҳукуматига самимий ҳамдардлик билдирган.
“1990 йилда тинчлик бўйича Нобель мукофотини олиш чоғида у “тинчлик бир хиллик эмас, балки хилма-хилликдаги бирлик” эканлигини таъкидлади. У музокаралар, ислоҳотлар, ошкоралик ва қуролсизланиш йўлидан бориб, бу муҳим тушунчани амалда қўллади”, дейилади БМТ Бош котиби хотираларида.
Гутерришнинг қайд этишича, Горбачёв сўнгги йилларда инсоният фаровонлиги учун зарур бўлган янги вазифани – инсон ва атроф-муҳит ўртасидаги уйғунликни ривожлантириш орқали барқарор келажак яратишни ўз зиммасига олган.
“Мана шу руҳда у Халқаро Яшил Хоч ташкилотига асос солган. Дунё кўп томонлама сиёсатга содиқ, тинчлик тарафдори бўлган буюк етакчини йўқотди”, дейди БМТ Бош котиби.
Михаил Горбачёв 1931 йил 2 мартда туғилган. У 1990 йил 15 мартдан 1991 йил 25 декабргача СССРнинг биринчи ва охирги президенти бўлган. Бундан ташқари, у Совет Иттифоқи Коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг охирги Бош котиби ва СССР Олий Кенгаши Президиумининг раиси лавозимларида ишлаган.
Горбачёв 1991 йил 25 декабрда СССР президенти лавозимидан истеъфога чиқди, шу билан бирга Совет Иттифоқи ўз фаолиятини тўхтатди. Горбачёв жамғармасида сақланадиган меҳнат дафтарчасида унинг давлат раҳбари лавозимини тарк этгани ҳақида ҳеч қандай қайд йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Михаил Горбачёв 30 август куни кечқурун оғир ва узоқ давом этган хасталикдан сўнг вафот этди.