Дўкон расталарини бўшатиб, ваҳима уйғотиш кимга керак?

Жамият 12202
image

Маълумки, бугун, 15 март куни соат 06:00 да Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди. Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқларда катта шов-шувларни келтириб чиқарди. 

Бутун дунёда кузатилгани каби, Ўзбекистонда, хусусан пойтахт Тошкентда супермаркетлар, бозорлар одамлар билан гавжум бўлиб, кўпчилик уйини озиқ-овқат захираси билан тўлдиришни бошлади. Бу ҳам етмагандек, ижтимоий тармоқларда дўконлардаги турнақатор навбатлар, бўш қолган расталар суратлари ва видеолари тарқатилмоқда. Аҳоли орасида кераксиз ваҳима, ортиқча саросима уйғотилмоқда. 

Коронавирус дунё миқёсида қайд этилиши бошланганига икки ярим ой тўлди. Бу вақт оралиғида Ўзбекистон моддий, тиббий барқарорликни янада мустаҳкамлади. Озиқ-овқатлар захираси кенгайтирилди. Бунинг учун ҳар бир соҳанинг тажрибали мутахассислари жалб этилди. Шундай экан ортиқча ваҳимага ва пайтдан фойдаланиб, одамларнинг кайфиятига таъсир ўтказишнинг ҳожати йўқ. 

Статистик маълумотларга кўра, бу йил оддийгина грипп касаллиги ортидан оламдан ўтганлар дунё миқёсида сал кам 10 минг кишини ташкил этмоқда. Коронавирус ортидан вафот этганлар эса 6 минг нафар. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу вируснинг қанчалик жиддилиги, у билан боғлиқ бошқа фактлар, шахсий гигиена қодиларига риоя қилиш ҳақидаги тавсиялар у билан боғлиқ ваҳималар фонида қолиб кетяпти. 

Шу бугун Тошкентда бозорлар ёпилармиш деган маълумотлар тарқалди. Биз мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев билан боғландик. Ҳокимлик расмийсининг қайд этишича, пойтахтдаги бозорлар ва дўконлар фаолиятини ҳар доимгидек давом эттиради. Пойтахтнинг озиқ-овқат захираси ҳам етарли даражада. 

Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 513
Рейтинг: 3
Теглар
t
×