Дубайда қаровсиз қолган болалар Ўзбекистонга олиб келинди
Жамият
−
03 Июнь 2023
13896Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси шу давлатда истиқомат қилаётган фаол ватандошлар, Амирликдаги “Аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш маркази” хайрия ташкилоти ҳамда миллий авиакомпания ҳамкорлигида 3 нафар қаровсиз қолган вояга етмаган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтарди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг апрель ойидан Дубай Полиция Қўмондонлиги ҳузуридаги ҳибсхонада сақланилаётган Ўзбекистон фуқароси Д.С. қаровсиз қолган 3 нафар вояга етмаган фарзандлари Бош консулхона иштирокида уй-жой, озиқ-овқат ва бошқа керакли нарсалар билан таъминлаб келинган.
Ваколатхона томонидан БАА Ташқи ишлар вазирлиги ва махаллий полиция вакиллари билан олиб борилган музокаралар натижасида Д.С. ва унинг 3 нафар фарзандлари ўртасида оналикни белгилаш бўйича ДНК текширувлари қайд қилиниб, натижада Ўзбекистон фуқаросининг учала боланинг биологик онаси экани аниқланган.
“Аёлнинг фарзандларига маҳаллий идоралар томонидан туғилганлик ҳақида гувоҳномалар расмийлаштирилиб, Ватанга қайтиш гувоҳномаси асосида улар Дубай-Тошкент авиақатнови билан Ўзбекистонга кузатиб қўйилди”, дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Интерполнинг Тошкент ва Абу-Дабидаги ММБларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари натижасида халқаро қидирувда бўлган жиноятчи аёл қўлга олинган эди. Бундан ташқари, хотин-қизларни хорижий валютада баҳолаб, турли мижозларга интим хизматлар кўрсатиш учун шароит яратиб берган ҳамда уларни Россия Федерациясининг Қозон, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳарларига олиб бориб тазйиқ ва зўравонлик остида уларни мажбуран шаҳвоний эксплуатация қилиб келган гуруҳлар аниқланган эди.
LiveБарчаси