Ўзбекистоннинг Мозори Шарифдаги консулхонаси қайта ташкил этилади

Ўзбекистон

−

visibility897 timer2 дақиқа

image

Жорий йил 1 декабрдан Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги Ўзбекистон консулхонаси Бош консулхона сифатида қайта ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев маълум қилди.

Унинг билдиришича, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқалар, транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик ва минтақавий боғлиқлик тобора ривожланиб, икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очилмоқда.

Ушбу жараёнларни қўллаб-қувватлаш, ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш ва консуллик хизматлари самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 декабрдан Мозори Шариф шаҳридаги Ўзбекистон консулхонаси Бош консулхона сифатида қайта ташкил этилмоқда.

“Мазкур фармон, хусусан, икки мамлакат ўртасида савдо ҳажмини ошириш, транспорт-логистика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, консуллик муассасаси мақомининг оширилиши ушбу вазифаларни амалга оширишда консуллик фаолиятини янада кучайтириш, фуқаролар ва тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларининг амалий мазмунини янада бойитишга хизмат қилади.

Маълумот учун, Афғонистоннинг Термиздаги дипломатик ваколатхонаси ҳам Бош консулхона мақомига эга.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига борган эди. Ташриф давомида делегация аъзолари Алишер Навоий ёдгорлиги қурилиш жараёнини кўздан кечирган. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг