Дубайда дунёдаги энг баланд меҳмонхона қурилди
Бу қизиқ
−
20 Сентябрь 9523 2 дақиқа
Жорий йилнинг ноябрь ойидан Бирлашган Араб Амирликларининг энг йирик шаҳри Дубайда дунёдаги энг баланд меҳмонхона – "Ciel Dubai Marina" иш бошлайди. Бу ҳақда “Dubai Media Office” хабар берди.
Баландлиги 377 метр бўлган бино нуфузли "Dubai Marina" ҳудудида жойлашган бўлиб, амирликнинг янги меъморий рамзига айланади. У ҳозирги рекордчи – Шайх Зайд шоссесидаги баландлиги 356 метр бўлган "Gevora" меҳмонхонасидан ўзиб кетади.
Лойиҳа "NORR Group" студияси томонидан ишлаб чиқилган, уни "The First Group" қурувчиси Дубайдаги "China Railway 18th Bureau Group" пудратчиси иштирокида амалга оширган. Меҳмонхонани "The First Group Hospitality" бошқаради ва у "InterContinental Hotels Group" (IHG) тармоғига кирувчи "Vignette Collection" бренди остида ишлайди.
"Ciel Dubai Marina"нинг ўзига хос жиҳатлари:
- 82 қават ва 1004 та хона ҳамда апартамент, улардан Форс кўрфазига панорамали манзара очилади;
- ноёб 12 қаватли атриум-боғ;
- баландлиги қарийб 353 метрда жойлашган ресторан;
- 306 метр баландликда жойлашадиган ва дунёдаги энг баланд бассейн бўладиган ҳовуз;
- саккизта ресторан ва бар;
- Dubai Marina соҳилига, сув таксиларига, Dubai Marina Mall савдо марказига, шунингдек, трамвай ва метро бекатларига бевосита чиқиш.
Ciel Dubai Marina “Дунёнинг энг баланд меҳмонхонаси” унвонидан ташқари яна икки жаҳон рекордига даъвогарлик қилмоқда – энг баланд бассейн ва энг баланд клуб. Уларнинг расмий тан олиниши очилишдан сўнг амалга ошиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистони “Мукааб” деб номланган дунёдаги энг катта бино лойиҳасини қуришни бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Бу бино пойтахт Ар-Риёд шаҳрида жойлашган ва 400 метр баландликдаги улкан куб шаклида бўлади. Қурилиш якунлангач, у дунёдаги энг катта бино бўлиши кутилмоқда ва 2 миллион квадрат метр майдонни қамраб олади.
Live
БарчасиЗеленский Германия Президенти билан учрашди
15 Декабрь