Дубай шоколади ҳаёт учун хавфли деб топилди
3-саҳифа
−
25 Апрель 8088 2 дақиқа
“Fix dessert chocolatier” савдо бренди остидаги Дубай шоколад маҳсулоти устидан назорат тадбири амалга оширилди ва унда инсон саломатлиги учун хавфли бактериялар аниқланди. Бу ҳақда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси хабар берди.
Қайд этилишича, инспекция томонидан “Eco бозор”нинг Беруний филиали савдо нуқталарида сотилаётган “Fix dessert chocolatier” бренди остидаги Дубай шоколад маҳсулотлари устидан назорат хариди амалга оширилган.Танлаб олинган маҳсулотлар сифат кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида “ЎзТест” ДМ синов лабораториясига топширилган.
Баённома натижаларига кўра, қуйидаги номувофиқликлар аниқланган:
- Мезофил аэроб ва факультатив анаэроб бактериялар (МАФАМ), шунингдек, ачитқи замбуруғларнинг юқори даражадаги мавжудлиги;
- Коли гуруҳидаги бактериялар (БГКП) ва “Салмонелла 25 г” бактериясининг мавжудлиги, бу эса меъёрий ҳужжатларда қатъиян тақиқланган;
- Бундай кўрсаткичлар инсон саломатлиги учун хавфли бўлиб, айниқса аллергик касалликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, маҳсулотнинг ташқи кўриниши ҳам техник регламент талабларига жавоб бермаслиги аниқланган. Хусусан, УзТР.490-022:2017-сонли “Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламентнинг тегишли бандлари талаблари бузилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Андижон музқаймоғи” номи билан сотилаётган музқаймоқларни истеъмол қилиш ҳаёт учун ўта хавфли экани аниқланган эди. Унинг қачон, қаерда, қай шароитда ва қандай маҳсулотдан тайёрлангани ҳақида ҳеч қандай маълумотлар мавжуд эмас. Ҳаттоки, қадоқларда маҳсулотни қандай шароитда ва қанча муддатгача сақлаш мумкинлиги ҳам келтириб ўтилмаган. Шу сабабдан ҳам ушбу маҳсулотни истеъмол қилиш ҳаёт учун ўта хавфли.