ЎзТестда катта ўғрилик. Ташкилот буни тасдиқлади

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази – ЎзТест Бухоро вилояти ҳудудий филиалида айрим турдаги синов ва ўлчаш ускуналарининг ўғирлаб кетилгани ва ташкилотда 6 млрд сўм мақсадсиз сарфлангани хабар қилинган эди. Мазкур ҳолат юзасидан ЎзТест муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳақиқатан ҳам ЎзТест Бухоро ҳудудий филиалида қиймати 150 миллион сўмлик “Тормозной стенд” синов ускунаси ҳамда 250 миллион сўмлик газбаллонларни ўлчаш воситалари ўғирланган. Мазкур ҳолат аслида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Комплаэнс назорат бўлими томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида аниқланган бўлиб, бу ҳақда ҳужжатлар дарҳол 2024 йил ноябрь ойида Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига юборилиб, аниқланган ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.  

Марказ томонидан юқоридаги ҳолатларга оид суриштириш ишлари якунлангач, қўшимча маълумотлар тақдим этилади.

“Шунингдек, хабарларда Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказида 6 млрд сўм маблағ мақсадсиз сарфлаб юборилгани ҳам иддао қилинган. Бу хабар ҳеч қандай ҳақиқатга тўғри келмайди ва мутлақо асоссиздир. Агентлик Комплаэнс назорати бўлими томонидан тизим ташкилотлари, шу жумладан, Марказнинг молиявий фаолияти устидан доимий мониторинг ўрнатилган”, дейилади муносабатда.

Бундан ташқари, ЎзТест жамоатчлик фикрини чалғитадиган ва ёлғон маълумотларни тарқатаётган ижтимоий тармоқ масъулларидан тийилишни, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан эса бу каби ҳолатларга ваколат доирасида тегишли чоралар кўришини сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиядан Ўзбекистонга олиб келинган 3 дона синов лаборатория жиҳозининг бири таг-туги билан йўқолиб қолгани ва ҳудудий филиалда 1 тонна 200 килограмм ва умумий нархи 150 миллион сўм миқдорида бўлган “Тормозной стенд” синов ускунаси ҳамда 250 миллион сўмлик газ балонларни ўлчаш воситаси ўғирлангани хабар қилинганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

ЎзТест Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг