Кириш имтиҳонларидаги тестлар қай даражада соддалаштирилиши очиқланди
Жамият
−
19 Май 2020
23988Аввалроқ, 2020-2021 ўқув йили учун тайёрланаётган тест синовлари соддалаштирилиши ҳақида хабар берган эдик. Давлат тест маркази тестлар қай даражада соддалаштирилиши бўйича қўшимча маълумот берди.
2020-2021-ўқув йили учун ўтказиладиган олий таълим муассасаларининг бакалавриатига кириш тест синовларида тест топшириқлари бўйича қуйидаги ўзгаришларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Тест топшириқларини соддалаштириш:
Тест топшириқлари соддалаштирилади деганда олий таълим муассасаларининг бакалавриатига қабул имтиҳонларида фақат содда тестлардан фойдаланилади, деб тушунмаслик керак.
Умумтаълим фанларидан тест топшириқлари 3 та қийинлик даражасида шакллантирилади. Бунда биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлар ишланиши, бажарилиши осон бўлган тест топшириқлари ҳисобланади.
Аввалги йилларда ўтказилган тест синовларида фанлардан 6 тагача биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари берилар эди. Бу йилдан бошлаб ҳар бир вариантда қўлланиладиган биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони ўртача 10 тагача етказилмоқда.
Ёзувсиз харита, жадвал, расмли кўринишидаги тест топшириқлари сонини кўпайтириш:
Абитуриентлар тест топшириқларини мантиқий фикрлаб, тезда тушунишлари учун жорий йилда ҳам тарих, география фанлари каби чет тили (инглиз, немис, француз) фанларидан ҳам расмли тест топшириқлари шакллантирилмоқда.
Шунингдек, биология ва кимё фанларидан расмли тест топшириқлари сони кўпайтирилмоқда.
Она тили ва адабиёт фанидан тест топшириқларини соддалаштириш:
Она тили (ўзбек, рус, қорақалпоқ) ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия қилинган бадиий асарлардан тест топшириқлари сони кўпайтирилади.
Шунингдек, абитуриентларнинг мантиқий фикрлашини ривожлантириш мақсадида матнли тестлар, яъни матн устида ишлаш билан боғлиқ бўлган тест топшириқлари тузилмоқда.
Матнли тест топшириқларида матн таркибидаги сўзларнинг тўғри қўлланганлигини ва гапларнинг тўғри шакллантирилганлигини аниқлаш, матндаги сўзларнинг маъноларини топиш ва матннинг асосий мазмунини тушуниш талаб этилади.
Кимё ва физика фанидан назарий тест топшириқлари сонини ошириш:
Кимё фанидан назарий тест топшириқлар сони оширилади ва лаборатория ишларига оид тест топшириқлари тузилмоқда.
Физика фанидан ҳам назарий тест топшириқлар сони оширилган ҳолда биринчи қийинлик даражасидаги тест топшириқлари сони 6 тадан 10 тагача кўпайтирилмоқда.
Шунингдек, абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида “Доимий физик катталиклар жадвали” ишлаб чиқилди ва у “Кимёвий элементлар даврий системаси” каби тест синови топшириш жараёнида абитуриентларга тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини 2 та асосий фандан тест олиш орқали ўтказиш режалаштириляпти.