ДТМ имтиҳон ўтказиш хавфли эканини айтганларга жавоб қайтарди
Жамият
−
19 Июль 2020
37210Ижтимоий тармоқларда Давлат тест маркази томонидан ўтказилиши режалаштирилган олий таълим муассасаларига кириш тест синовларини пандемия шароитида ўтказиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хабарлар тарқалди. ДТМ унга муносабат билдириб, имтиҳонга тайёргарлик ҳақида маълумот берди.
“Ҳаммага маълумки, тест синовларининг катта сиғимли биноларда ўтказилиши билан тест синовлари адолатли ва шаффоф бўлишига эришилди. Маълумки, тест синовлари 2017 йилгача 1000 дан ортиқ биноларда, хусусан, олий таълим муассасалари, мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари биноларида кичик аудиторияларда ўтказилар эди. Бунда тест синовларини Давлат тест маркази томонидан тўлиқ назорат қилиш имконияти йўқ эди ва бу ҳар хил коррупцион ҳолатларга олиб келарди.
2018 йилдан эса янги тизимга ўтилиб, тест синовлари катта сиғимли биноларда видеокузатув остида онлайн транслация қилинган ҳолда ўтказила бошланди”, дейди ДТМ.
Марказ амалдаги тизимда имтиҳон ўтказиладиган бинолар камлиги учун назорат олиб бориш осонлашгани ва бу тест синовлари адолатли ўтишига хизмат қилаётгани таъкидланган.
“Олдинги тизимдан фарқли ўлароқ ҳозирги тизимда тест синовлари бўлиб ўтадиган бинога фақатгина гуруҳ назоратчиси, бино раҳбари ва ДТМ вакили кириши мумкинлиги белгиланган бўлиб, бинолар сони олдингидек кўп бўлмагани учун ҳар бир бинода Давлат тест маркази ходими тест синовларига умумий раҳбарлик қилмоқда ва бу тест синовларининг сифатли ва адолатли ўтишида энг муҳим омиллардан бири бўлмоқда.
Бинога киришда шахсни идентификациялаш воситалари ҳамда видеофиксация қурилмаларидан фойдаланилаётгани эса жараённинг янада шаффоф ва адолатли ўтказилишига сабаб бўлмоқда”, дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, 2020 йилда ҳам тест синовларини катта сиғимли биноларда видеокузатув остида онлайн транслация қилинган ҳолда ўтказиш режалаштирилган ва ҳозирги кунда жараённи санитария-гигиена талабларига риоя этилган ҳолда ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан:
• тест синови ўтказиладиган ҳудудларга кириш қисмида антисептик воситалар билан жиҳозланган столлар ва бино ичкарисида биринчи тиббий муолажа пункти ташкил этилади;
• ҳар бир ҳудуд навбатчи тез тиббий ёрдам машинаси билан таъминланади;
• тест синовлари ўтказиладиган бинолар ҳар бир сменадан олдин ва кейин шамоллатилади ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ходимлари томонидан дезинфекция қилинади;
• бинога киришдан олдин абитуриентлар дезинфекция йўлагидан ўтказилади;
• уларнинг тана ҳарорати ўлчаниб, ҳар бир абитуриент алоҳида янги тиббий қўлқоп ва ниқоб билан таъминланади;
• тест синови ўтказиладиган ҳудудга киритишда тана ҳарорати 370 C дан юқорилиги аниқланган абитуриентлар тест синовларига киритилмасдан далолатнома тузилиб, тиббий текширув ўтказиш учун ҳудудга бириктирилган тиббиёт ходимига топширилади;
• Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тиббий текширувидан ўтказилган ва коронавирус касаллиги аниқланмаган абитуриентлар учун республика бўйича тест синовлари тўлиқ якунлангандан сўнг тўртинчи куни тест синовлари ўтказилади.
Шу билан бирга, ҳозирги кунда тест синовлари ўтказиладиган бинолар совутиш ва вентиляция тизимлари билан таъминланган бўлиб, биноларда абитуриентларнинг ижтимоий масофа сақлашлари учун ҳар бир абитуриентга 3 квадрат метрдан кам бўлмаган жой ажратилаётгани ва биноларнинг ҳолати бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигидан тегишли хулосалар олинаётгани қўшимча қилинган.
“Умуман олганда, тест синовларини санитария-гигиена талабларига риоя этилган ҳолда ўтказиш бўйича барча ишлар Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Республика махсус комиссияси билан келишилган ҳолда, уларнинг тавсиялари асосида амалга оширилмоқда”, дейди ДТМ.
Марказ ижтимоий тармоқлардаги фикрларга эътибор қаратиб, уларга изоҳ берган.
Жумладан, тест синовларининг бошланиш куни Давлат тест маркази томонидан белгиланмайди, балки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори билан белгиланади.
Шунингдек, қўшни давлатларда тест синовлари ўтказилаётганида хавф кам экани, Ўзбекистонда эса кўпроқ дейишга эса ҳеч қандай далил мавжуд эмаслиги таъкидланган.
“Тест синовларини мактабларда ташкиллаштириш тизимига қайтиш нотўғри бўлишини барчамиз билиб турибмиз. Баъзи бир шу йўл билан абитуриентларга “ёрдам” бермоқчи бўлган “устоз”ларга албатта орқага қайтиш жуда ҳам қўл келади ва шу фикрни дунёдаги пандемия ҳолатини ниқоб қилиб олиш орқали ёшларнинг миясига қуйиш билан овора.
Онлайн тест синовларига келадиган бўлсак, дунёда ҳеч бир давлат бундай катта миқдордаги абитуриентлар учун онлайн тест ўтказмайди, бунинг иложи ҳам йўқ. Бу бўйича Давлат тест маркази томонидан барча халқаро ҳамкорларимиз билан алоқа қилинган ва ҳеч бирида онлайн тест синовларини ўтказиш режалаштирилмагани айтилган”, дейди тармоқлардаги фикрларга жавобан.
Қайд этилишича, “Онлайн прокторинг” (тест синовларини уйда топшириш ва онлайн уларни назорат қилиш) тизимидан фойдаланаётган ташкилотлар ҳам унинг хавфсизлиги, қандай йўллар билан алдаш мумкинлиги ҳали тўлиқ ўрганилмаганлигини таъкидлаб ўтишган. Пандемия ўтиб кетгандан кейин бу тизимдан воз кечиш режаси йўқ эмаслигини ҳам айтиб ўтишган.
“Ҳозирги кунда ҳеч ким тўлиқ бу инфекциядан ўзимни асрай оламан дея олмаслигини яхши биламиз.
Шунинг учун Давлат тест маркази томонидан режалаштирилган тест синовлари нафақат адолатли ва шаффоф ўтишини, балки абитуриентларнинг соғлиғи ҳам биринчи ўринда туришини маълум қиламиз ва буни имкони борича таъминлашга ҳаракат қиламиз”, дейд ДТМ.