“Дрон армияси эвазига Patriot”: Фёдоров АҚШга таклиф билан чиқди
Олам
−
11:47 1172 2 дақиқа
Украинанинг собиқ мудофаа вазири Михаил Фёдоров АҚШга дрон армиясини яратишда ёрдам беришни таклиф қилди. Бунинг эвазига Украинага Patriot ҳаво мудофаа тизимлари учун тутувчи ракеталар етказиб берилишини истамоқда. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Нашрга кўра, Фёдоров АҚШга дрон армиясини яратишда ёрдам беришга тайёрлигини, бунинг эвазига Украинага Patriot тизимлари учун ракеталар етказиб берилиши кераклигини айтган.
“Мен АҚШга дрон армиясини яратишда ёрдам беришдан жуда мамнун бўлардим – айниқса Patriot тизимлари учун тутувчи ракеталар эвазига. Шунда биз бу қишдан омон чиқишимиз мумкин”, деган у.
Собиқ вазир, шунингдек, бошқа ҳамкор давлатларда, жумладан Франция ва АҚШда мудофаа масалалари бўйича маслаҳатчи бўлишни режалаштираётганини билдирган.
Қайд этилишича, Фёдоров АҚШ инвестицияларини мудофаа технологиялари жамғармасига жалб қилиш бўйича ҳам музокаралар олиб бормоқда. Унинг сўзларига кўра, жамғарма жанг майдони учун янги қуроллар ва илғор технологияларни ишлаб чиқадиган компанияларни қўллаб-қувватлайди.
Бундан ташқари, собиқ вазир Россия урушни яна икки-уч йил давом эттириши мумкин, деб ҳисобламоқда.
Маълумот учун, Михаил Фёдоров 1991 йил 21 январда Украинанинг Запорожье вилоятида туғилган. У 2019 йилдан Украина рақамли трансформация вазири ва бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган. 2026 йил январда мудофаа вазири этиб тайинланган, июль ойида эса лавозимидан озод қилинган эди. Ҳозирда у Италия мудофаа вазирининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг собиқ мудофаа вазири Михаил Фёдоров мамлакатнинг Россияга қарши уруш олиб бориш ёндашувини танқид қилиб, Украина ҳукуматида урушда қандай ғалаба қозониш бўйича ягона қараш мавжуд эмаслигини айтган эди.
Live
Барчаси