“Долзарб виза” ойлиги: ТИВ визага боғлиқ ишларни фаоллаштиради

Local

image

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқаролари бориши учун виза талаб қиладиган давлатлар билан бир ой давомида яқиндан музокаралар олиб бориб, визага доир муаммоли ва қийин вазиятларни кўриб чиқади ҳамда улар билан виза режимини енгиллатишга ҳаракат қилади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон–2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги тизимида “Долзарб виза” ойлиги бошланган.

Ойлик доирасида Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари мамлакат фуқаролари учун визасиз сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, виза расмийлаштириш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда замонавий ва қулай виза механизмларини жорий этиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокараларни янада фаоллаштиради.

Вазирликка кўра, бунда асосий эътибор Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз режимни жорий этиш, электрон визалар, соддалаштирилган виза тартиблари ва бошқа енгиллаштирилган механизмларни кенгайтиришга қаратилади.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон фуқаролари учун бир қатор янги визасиз ва соддалаштирилган саёҳат имкониятлари яратилди. Жумладан, 2026 йил июнь ойи бошида Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувда Ўзбекистон ва Гонконг ўртасида ўзаро 30 кунлик визасиз режимни жорий этиш бўйича келишув ноталари алмашилганди. Бу 2025 йилда Хитой билан жорий этилган визасиз тартибнинг мантиқий давоми сифатида баҳоланмоқда.

2026 йил 15 майдан бошлаб эса Озарбайжон ҳам Ўзбекистон фуқаролари учун янги енгиллаштирилган тартибни амалга киритганди. Унга кўра, ўзбекистонликлар мазкур мамлакатга йил давомида уч мартагача визасиз кириши ва ҳар бир сафарда 30 кунгача бўлиши мумкин. Агар бўлиш муддати 15 кундан ошса, рўйхатдан ўтиш талаб этилади.

Шунингдек, 11 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Жазоир Халқ Демократик Республикаси ҳукумати ўртасида дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан ўзаро озод қилиш тўғрисидаги битим имзоланганди.

Шу билан бирга, сўнгги олти ой ичида Ўзбекистон фуқаролари учун бирорта давлат томонидан янги виза режими жорий этилмади ёки чегаралар тўлиқ ёпилмади. Бироқ қатор ривожланган ва иқтисодий юқори кўрсаткичли АҚШ, Канада, Шарқий Осиё ва Европанинг деярли барча мамлакатлари Ўзбекистон учун ҳамон ёпиқ ва виза тизими ўта инжиқ давлатлар қаторида қолмоқда. Бундан ташқари, айрим мамлакатлар хавфсизлик нуқтаи назаридан қўшимча талабларни жорий қилди.

Жумладан, Россия Федерацияси визасиз режимни сақлаб қолган ҳолда, 2026 йил июнь–июль ойларидан чегарадан ўтиш бўйича пилот лойиҳани бошлади. Янги тартибга мувофиқ, мамлакатга борувчилар сафардан камида 72 соат олдин махсус рўйхатдан ўтиб, QR-код олиши талаб этилмоқда. Шунингдек, чегара назорати ва текширувлар ҳам кучайтирилган.

Грузия эса 2026 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари учун 365 кунлик визасиз режимни сақлаб қолди. Энди мамлакатга киришда мажбурий тиббий суғурта талаб қилинади. Суғуртаси бўлмаган фуқаролар чегарадан қайтарилиши мумкин.

Шунингдек, жорий йилнинг 20 май куни Таиланд ҳукумати ҳам хорижликлар билан боғлиқ жиноятлар сони ортаётгани сабаб 90 дан ортиқ давлат фуқаролари учун амал қилган визасиз муддатни қисқартирганди. Янги тартибларга кўра, аввал 93 давлат, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Европанинг Шенген ҳудуди давлатлари ҳамда Австралия фуқаролари учун амал қилган 60 кунлик визасиз режим бекор қилинади. Бу рўйхат орасида Ўзбекистон ҳам бор. Эндиликда сайёҳлар Таиландда визасиз фақат 30 кунгача қолиши мумкин.

Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда янгиланган “Ўзбекистон–2030” стратегиясига кўра, ҳукумат 2026 йил якунига қадар яна камида икки давлат билан виза талабларини енгиллаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Мақсад яқин йилларда ўзбекистонликлар визасиз сафар қилиши мумкин бўлган давлатлар сонини 50 тага етказишдан иборат.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон фуқаролари дунёнинг 35 дан ортиқ мамлакатига визасиз, 40 дан ортиқ давлатга эса электрон виза ёки аэропортнинг ўзида расмийлаштириладиган виза орқали сафар қилиши мумкин.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends