ДХХ ва прокуратура йирик “обналчилар” гуруҳини қўлга олди
3-саҳифа
−
17 Сентябрь 2020
15169Аслида фақат ҳужжатлардагина фаолият юритган бир нечта фирма ва юридик ташкилотлар айрим тижорат банклари мутасаддилари билан ўзаро жиноий тил бириктириб, қарийб 1 трлн сўм маблағни нақдлаштирган ва 30 млн долларни чет элга чиқариб юборган. Ушбу жиноий гуруҳ ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг назарига тушди.
Маълум қилинишича, сохта тадбиркорлик субъектлари орқали 300 млрд сўм маблағ нақдлаштирилган ҳамда 30 млн доллар конвертация қилиниб, чет элга чиқариб юборилган. Бу ишда тижорат банклари ходимлари ҳам иштирок этган. Битта операцияда 500-600 минг доллар нақдлаштирилган. Норасмий раҳбар чет элда туриб, сохта фирмаларни бошқариб келган.
Мазкур жиноий гуруҳ 2019 йилнинг апрелидан декабрига қадар 1 трлн сўмга яқин маблағларни нақдлаштириб, 200 млрд сўм атрофида солиқ ва бошқа тўловлардан бўйин товлаган. 10 млрд сўмга яқин давлат бюджети маблағларини талон-торож қилган. Хабарда айтилишича, банк раҳбарияти ҳам жиноий гуруҳга раҳнамолик қилган. Аммо бу қайси банк раҳбарияти экани ҳозирча маълум эмас.
Айбсизлик презумпцияси нуқтаи назаридан жиноят иштирокчилари, юридик шахслар номлари келтирилмаган.
“Тўртта фирмада норасмий раҳбар бўлганман. Фирманинг фаолияти “клиент”лардан пул олиб, уни нақдлаб бериш бўлган. Бу – солиқ тўламаслик учун қилинган бизнес. Бу бизнес банксиз бўлмайди. Кунига 4-5 млрд, ҳатто, 36 млрдгача пул ўтказган кунларимиз бўлган. Бизда умуман нақд пул йўқ. Фирмалар бизга пул жўнатади, биз эса бу пулларни бошқа жойга жўнатамиз. Ўртада кимнинг пули қайси экани, ким қанча олиши кераклигини ўзлари ҳал қилиб олишади. Бизнинг вазифамиз бизга тушган пулни бошқа жойга жўнатиб юбориш. Ҳар куни ҳисоб рақамимиз нол бўлиши керак”, дейди фирма раҳбари.
300 миллиардга яқин маблағлар фирма раҳбарлари номига очилган пластик картага гўёки молиявий ёрдам кўринишида туширилиб, кейинчалик ушбу пуллар шерик банкларда нақдлаштирилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари якунига етиб, жиноят иши бўйича тегишли хулоса билан мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилган.