Ўзганинг ерини сотмоқчи бўлган “уддабуронлар” ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Тошкент, Жиззах ва Андижон вилоятларида ер сотиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги чорвачиликка ихтисослашган МЧЖ раҳбари ҳамда унинг отаси, шунингдек, Қибрай туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси ер сотиш бўйича товламачиликка ўзаро келишиб олган. Улар Оҳангарон туманида жойлашган мазкур МЧЖга тегишли 270 гектар ва унга туташ бўлган туман ҳокимлиги захирасидаги 150 гектар, жами 420 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 700 минг АҚШ доллари талаб қилган. 

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда мазкур 3 нафар фуқаро сўралган пулдан 100 минг АҚШ долларини олдиндан олган вақтида ушланди. 

Худди шунга ўхшаган жиноят Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган МЧЖ раҳбари томонидан ҳам содир этилган. У мазкур туманда жойлашган бошқа 2 та МЧЖга қарашли 50 гектар ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, харидорга 60 минг АҚШ долларига сотишни режалаштирган. 

Шунингдек, ушбу 50 гектар ердан 30 сотихини вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси ёрдамида нотурар жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига қўшимча 4 минг АҚШ доллари сўраган. 

ДХХ Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда МЧЖ раҳбари ҳамда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассиси харидордан 64 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди. 

Андижон вилоятида қайд этилган ҳолатда эса Олтинкўл туманида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро туман ҳокимлиги захирасида бўлган 144 квадрат метр бўш ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, товламачилик қилган. У кадастр тизимида ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 38 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди. 

Айни пайтда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Жавоҳир Қадамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ўзганинг ери ер сотиш уддабуронлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made