Шомуродовни мукофотлаган ДХХ раиси, ЎФАда иш бошлаган Аҳмедов... Йилнинг энг яхшилари аниқланди (фоторепортаж)

Спорт

image

Бугун, 25 декабрь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси томонидан ўзбек футболининг 2021 йил якунларига бағишланган “Uz Football Awards-2021” тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

“Ўзбек футболи нуронийси” номинацияси бўйича спорт журналистикасининг энг , ўзбек шарҳловчилигининг асосчиси – Ахбор Имомхўжаев «Ўзбек футболи нуронийси» соврини билан тақдирланди. Мукофотни журналист Аброр Имомхўжаев қабул қилиб олди.

“Ушбу инсон “Пахтакор” стадиони қурилгач, ундан ўзбек тилидаги илк футбол репортажини жонли эфирга олиб чиққан шарҳловчи ҳисобланади. Унинг сиймосида юзлаб шогирдларга устозлик қилган феномен, миллионлар ўйинига бағишланган қатор китоблар муаллифи, ўз овози билан барча ўзбекистонликлар хонадонигача кириб борган инсонни кўрамиз”, дейди Даврон Файзиев.

Умрининг 60 йилини Самарқанддаги “Динамо” стадиони майсасини парвариш қилишга сарфлаган  77 ёшли Садри Носиров “Фидойилик рамзи” соврини билан тақдирланди.

“Жасорат” соврини Ўзбекистон кар-соқовлар терма жамоаси бош мураббийи Муроджон Аҳмедовга топширилди. Эрон мезбонлик қилган сурдолимпиада ўйинларининг Осиё ва Тинч океани минтақаси саралашида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 3-ўринни эгаллаган ва 2022 йил Бразилия мезбонлик қиладиган ёзги сурдолимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритган.

Йил давомида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда ЎзПФЛ байроғи остида ташкил этилган мусобақалар ва футболнинг оммавийлик даражасини оширишда ўз ҳиссасини қўшаётган 20 ёшли Фахриддин Рўзиев “энг яхши футбол журналисти” совринига муносиб деб топилди.

Қорақалпоғистон Республикаси футбол ассоциацияси эса “энг яхши ҳудудий футбол ассоциация” соврини билан тақдирланди.

“Мухлислар меҳри” мукофоти жорий мавсумда Ўзбекистон Суперлигаси учрашувларида ўз жамоасини қўллаб-қувватлашда намуна кўрсатгани ва футбол оммавийлигини оширишда қўшган ҳиссаси учун “Андижон” фан-клубига топширилди.

Ўзбекистон футзал терма жамоаси ва “Huaxin” (Жиззах) клуби бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов “Йилнинг энг яхши футзал мураббийи” соврини билан тақдирланди. Унинг қўл остида Ўзбекистон футзал терма жамоаси тарихда илк бор Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичидан плей-офф босқичига йўл олди. 

Журналистлар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, Футзал бўйича Жаҳон чемпионати ва Ўзбекистон чемпионатида ёрқин ўйинлар намойиш этган “Huaxin” (Жиззах) клуби футзалчиси Дилшод Раҳматов “Йилнинг энг яхши футзалчиси”, деб топилди. Даврон Чориев, Ҳусниддин Нишонов якуний номзодлар учлигидан ўрин олган эди.

“Нефтчи” клуби футболчиси Марко Обрадович “Про Лиганинг энг яхши футболчиси” совринини қўлга киритди. У жорий мавсумда 19 та ўйинда иштирок этиб, 12 та гол киритган ҳолда жамоасининг Суперлигага қайтишига катта ҳисса қўшди.

Аёллар футболи бўйича “Олий лиганинг энг яхши футболчиси” ва тўпурари соврини Ўзбекистон аёллар терма жамоаси етакчиси ва “Сўғдиёна-W” сафида чемпионат тўпурари Диёра Хабибуллаевага насиб этди.

Хабибуллаева жиззахликлар сафида жорий мавсум 19 та учрашувда майдонга тушиб, 32 та гол уришнинг уддасидан чиқди. Бу борада у 31 та гол урган жамоадоши ганалик Фусейна Мумуни ҳамда 30 та гол урган “Бунёдкор-W” аъзоси Дилдора Нозимовани ортда қолдиришга эришди.

Аёллар футболи бўйича “Олий Лиганинг энг яхши мураббийи” сифатида Шерали Бобоқулов тан олинди. У ушбу мавсумда “Сўғдиёна-W” жамоаси билан биргаликда Олий лига олтин медали ва Ўзбекистон кубогини қўлга киритди.  

Жорий мавсумда халқаро майдонларда учрашувлар бошқариш бўйича етакчига айланган мутахассис, 2021 йилда Осиё чемпионлар лигаси, Жаҳон чемпионати саралашининг энг муҳим учрашувлари, шунингдек, Саудия Арабистони ва Кувайт чемпионати баҳсларида ишлаган рефери – Илгиз Танташев “Йил ҳаками” совринига лойиқ кўрилди.

Жорий мавсумда “Насаф” сафида 26 та ўйинда иштирок этиб, 13 та гол уришга муваффақ бўлган футболчи, Ўзбекистон кубоги соҳиби Ҳусаин Норчаев Суперлиганинг жорий мавсумдаги энг яхши футболчиси, деб топилди. Бундан ташқари энг яхши ёш футболчи сифатида ҳам эътироф этилди.

“Пахтакор” билан биргаликда Ўзбекистон Суперлигаси чемпионига айланган, жамоанинг етакчи футболчиларидан бири – Драган Черан 16 гол ва 4 та голли узатма эвазига чемпионат тўпурарига айланди.

Ўзбекистон Суперлигасининг ушбу мавсумдаги чемпиони ва Ўзбекистон Суперкубоги ғолиби – Питер Хюистра “Энг яхши мураббий” совринига лойиқ кўрилди.

“Ўзбекистоннинг энг яхши аёллар мураббийи” сифатида ёш иқтидорларни катта футболга етказиб беришда жонбозлик кўрсатиб келаётган мутахассис – Илҳом Ҳанжариев, деб топилди. 

“Бунёдкор-W” аёллар жамоаси билан биргаликда клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида иштирок этган футболчи – Дилдора Нозимова “Йилнинг энг яхши аёл футболчиси” соврини билан тақдирланди.

Аёллар футболи бўйича “Олий лиганинг энг яхши футболчиси” ва тўпурари соврини Ўзбекистон аёллар терма жамоаси етакчиси ва “Сўғдиёна-W” сафида чемпионат тўпурари Диёра Хабибуллаевага топширилган эди.

Шунингдек, бир неча йилдан буён ОКМК (Олмалиқ) U-21 жамоаси билан совринли ўринлар учун курашиб келаётган мутахассис Аъзам Шерғозиев “Ўзбекистоннинг энг яхши ёшлар мураббийи” соврини билан тақдирланди. Шерғозиев ушбу мавсумда жамоаси билан тарихда илк бор U-21 чемпионати ғолибига айланди.

Дарвозабон:
Ўткир Юсупов (“Навбаҳор”)

Ҳимоячилар:
Марко Колакович (“Сўғдиёна”)
Анзур Исмоилов (“Пахтакор”)
Ҳусниддин Алиқулов (“Насаф”)
Шерзод Насруллаев (“Насаф”)

Ярим ҳимоячилар:
Санжар Турсунов (ОКМК)
Эркин Бойдуллаев (“Қизилқум”)
Драган Черан (“Пахтакор”)

Ҳужумчилар:
Шоҳруз Норхонов (“Сўғдиёна”)
Хусаин Норчаев (“Насаф”)
Азизбек Амонов (“Локомотив”)

Мураббий:
Улуғбек Бақоев (“Сўғдиёна”)

“Насаф” клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев “Йилнинг энг яхши мураббийи” совринига муносиб деб топилди. 

Жорий мавсумда мураббийлар ўртасидаги рақобат ҳам юқори бўлди. Хусусан, кучли учликдан ўрин олган ҳар бир номзод ўз жамоаси билан биргаликда нафақат чиройли ўйинлар, балки ирода ҳам кўрсата олди. 

Хусусан, Улуғбек Бақоев қўл остидаги “Сўғдиёна” клуби мавсум якунида ОКМК, “Насаф” ва “Бунёдкор” каби рақобатчиларни ортда қолдириб, кумуш медалларга эга чиқди. Рўзиқул Бердиев бошқарувидаги “Насаф” клуби эса ОФК кубогининг финалига қадар етиб борди, мамлакат кубогининг ғолибига айланди. Тимур Кападзе Ўзбекистон U-23 терма жамоаси билан ишончли ўйинлар ўтказди, “Олимпик” жамоаси билан биргаликда Суперлига йўлланмасини қўлга киритди.

Журналистлар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Рома” клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов “Йилнинг энг яхши футболчиси” соврини билан тақдирланди. Шомуродовга совринни ЎФА президенти, Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов топширди.

У мазкур соврин учун рақобатда “Ал-Насср” футболчиси Жалолиддин Машарипов ва “Насаф” тўпурари Ҳусаин Норчаевни ортда қолдирди. 

Эслатиб ўтамиз, Шомуродов 2019 йилда ҳам Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси, деб топилган эди.

Мукофотни қўлга киритганидан сўнг, Элдор Шомуродов бундан у қадар хурсанд эмаслигини, агар хотиржамликка берилса, Одил Аҳмедовнинг рекордини янгилай олмаслигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдан ташқари Конгресси ҳам ўтказилди. Унда ЎФАнинг ички масалалари муҳокама қилинди ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Аҳмедов Одил Олимжонович ЎФА вице-президенти лавозими ҳамда ЎФА Ижроия қўмитасининг аъзолигига тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдусалом Азизов ЎФА Равшан Эрматов Элдор Шомуродов ЎзПФЛ

Баҳолаганлар

256

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг