ДХХ катта миқдордаги гиёҳванд моддаларни мусодара қилди (видео)

Жамият 8530
image
-

Давлат хавфсизлик хизмати Ўзбекистонниинг турли ҳудудларида кўп миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйди. Бу ҳақда ДХХ Матбуот хизмати QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.

ДХХ ходимлари томонидан Сирдарё вилояти божхона бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Сурхондарё - Самарқанд” йўналишида ҳаракатланаётган Cobalt русумли автомашина Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги “Умакай” ЙПХ масканида тўхтатилган.

Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Сариосиё туманида яшовчи, 1987 йилда туғилган фуқаронинг ёнида 3 кг 363 гр “опий” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Бошқа бир ҳолатда эса ДХХ ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган “Минерал сувлар” ЙПХ масканида Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Nexia-3 русумли автомашина тўхтатилган.

Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 5 кг “опий” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тарзда расмийлаштириб олинган.

ДХХнинг Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан ДБҚ ходимларини жалб этган ҳолда Ўртачирчиқ туманида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод шаҳрида яшовчи шахслар – 1991 йилда туғилган фуқаро ҳамда муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган 1990 йилда туғилган шахс 492 гр “гашиш” моддасини 50 млн сўмга сотган вақтларида қўлга олинган.

Таъкидлаш лозимки, ҳар уччала ҳолатда ҳам наркотик моддалар мамлакатга Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб ўтилган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 141
Рейтинг: 3
t
×