ДХХ қарийб 25 кг наркотикни мусодара қилди

3-саҳифа 3546
image

Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида 24,5 кгдан ортиқ гиёҳвандлик воситаларини мусодара қилди.

Хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Фарғона шаҳрида яшовчи, 1988 йил туғилган, муқаддам судланган фуқаро бошқарувидаги Spark русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида 4 кг 459 гр “опий” ва 2 кг 975 гр “гашиш” гиёҳванд моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Терговга қадар текширув давомида, у аввалроқ 1993 йил туғилган жиноий шеригига 7 кг 969 гр “гашиш” моддаси бергани аниқланиб, ушбу наркотиклар ҳам тегишли тартибда олиб қўйилган. 

Яна бир тезкор-қидирув тадбирлари натижасида эса 1973 й.т. икки нафар фуқаронинг Фарғона шаҳридаги яшаш манзилида 1 кг 110 гр “гашиш” ҳамда 991 гр “опий” моддалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Шунингдек, тадбир давомида улардан наркотик сотиб олиш учун Марғилон ва Қўқон шаҳарларидан келган икки харидор ҳам қўлга олинган.

ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” халқаро назорат ўтказиш пунктида ўтказилган тезкор тадбирда, Андижон туманида истиқомат қилувчи, 1988 йил туғилган, муқаддам судланган фуқаро бошқарувидаги Spark русумли автомашинада 6 кг 109 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилган.

Хизматнинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ҳам тезкор тадбир ўтказилган. Унда “Сурхондарё - Фарғона” йўналишида ҳаракатланиб келаётган, Учкўприк туманида яшовчи, 1974 йил туғилган фуқаро бошқарувидаги автотранспорт воситаси “Умакай” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада автомашинада хўжалик молларини ўлчашга мўлжалланган тарозига хуфиёна жойлаштирилган 1 кг 47 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланган. Шунингдек, унга ушбу гиёҳвандлик моддасини бериб, ортидан кузатиб келаётган жиноий шериги, Денов туманида истиқомат қилувчи, 1973 йил туғилган, муқаддам “героин” моддаси савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган фуқаро ҳам ҳибсга олинган.

ДХХнинг Қорақалпоғистон бўйича бошқармаси ходимларининг Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида Элликқалъа туманида яшовчи, 1988 йил туғилган муқаддам судланган фуқарода 2990 дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 5 кг 450 гр “опий”, 19 кг 210 гр “гашиш” ҳамда 2990 дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.

Таъкидланишича, барча ҳолатлардаги гиёҳвандлик воситалари келгусида сотиш мақсадида қўшни давлатлардан контрабанда йўли билан олиб ўтилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 67
Рейтинг: 3
t
×