Қўшиқчи ва дипломат. Ўзбекистонда халқ артисти бўлган Булбулўғли ким?

Маданият-санъат

image

Жорий йилнинг 22 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифидан роппа-роса бир йил ўтиб,  Тошкент шаҳридаги Форумлар саройида Ўзбекистон Президентининг фармонига кўра, Озарбайжоннинг эстрада хонандаси, композитор, педагог, актёр, санъатшунослик доктори, профессор, дипломат, сиёсат ва жамоат арбоби Пўлат Булбулўғлига Ўзбекистон халқ артисти фахрий унвонини топшириш маросими бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов фармонни ўқиб эшиттирган. Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков томонидан фахрий унвон тантанали топширилган. 

Аксар ўзбекистонликларга унча таниш бўлмаган Булбулўғли нима учун Ўзбекистонда юқори мартабали ҳисобланувчи Ўзбекистон халқ артисти унвонига лойиқ кўрилгани айтилди.

Мукофотлаш маросими.

Абдураҳмоновга кўра, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва янги босқичга кўтариш борасидаги улкан хизматлари, ўзининг кўп йиллик бой билим-тажрибаси, ноёб қобилияти, бетакрор ижоди билан туркий дунё маданияти ва санъати ривожига қўшган катта ҳиссаси, қардош халқлар орасидаги биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ёш истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлар, навқирон авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш руҳидаги ибратли фаолияти учун Озарбайжон халқ артисти Пўлат Булбулўғлига Ўзбекистон халқ артисти фахрий унвони берилган.

Хўш, Пўлат Булбулўғли ким?

Пўлат Муртазо ўғли Маммедов 1945 йилнинг 4 февралида Озарбайжон пойтахти Бакуда Булбул тахаллуси билан танилган Озарбайжон опера хонандаси, мусиқа фольклор тадқиқотчиси, озарбайжон профессионал вокал санъати асосчиси, профессор Муртазо Машади Риза ўғли Маммедов оиласида туғилган. Пўлат фамилия сифатида отасининг лақаби – Булбул номини олади.

Ёш Булбулўғли.

Булбул ўзбек хонандаси, ЎзССР Халқ артисти, Зокировлар сулоласи асосчиси Карим Зокиров билан дўст бўлган. Озарбайжонда халқ артисти бўлган Фаррух Зокиров буни қуйидагича эслайди:

“Илгари ҳам кўп айтганман, бизни кўп ришталар боғлаб туради. Мана оддий мисол: менинг оилам, ота-онам, Пўлатнинг ота-онаси... Менинг отам ва унинг отаси битта педагогдан таҳсил олган ва унинг буюк отаси Тошкентга гастролга келганда биргаликда опера ижро этишган. Отам иккинчи партияни куйлаганди. Биз бу ажойиб анъаналарни, акам Ботир Зокиров бошлаган дўстликни давом эттиряпмиз. Озарбайжонда шундай ҳамкасбим борлигидан фахрланаман. Биз кўпроқ мусиқа, дўстлик, санъат ҳақида суҳбатлашамиз”, дейди 8 та давлатда халқ артисти бўлган Зокиров.

Халқ артистлари Пўлат Булбулўғли ва Фаррух Зокиров.

1968 йилда Озарбайжон Давлат консерваториясини тамомлаган Булбулўғли бир қатор машҳур қўшиқлар муаллифи ва ижрочиси сифатида танилган. Афсонавий қўшиқчи Муслим Магомаевнинг яқин дўсти бўлган. Фильмлар, драмалар, симфониялар, симфоник шеърлар ва бошқа бир қатор ижодий ишлар муаллифи. 1973 йилда Озарбайжон ССРда хизмат кўрсатган артист, 1982 йилда эса Озарбайжон ССР халқ артисти, 2005 йилда Молдовада хизмат кўрсатган, 2017 йилда Туркманистон халқ артисти унвонларини олган. 1987 йилдан Озарбайжон Давлат филармониясининг директори ва бадиий раҳбари бўлиб ишлаган.

 Пўлат Булбулўғли дўсти Муслим Магомаев билан.

Дипломатик фаолиятида ҳам ошиғи олчи бўлган устазода санъаткор 2006 йилдан 2024 йилгача Озарбайжоннинг Россиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ўлароқ Москвада Россиянинг минтақалараро жамоат фонди томонидан Россия ва Озарбайжон халқлари ўртасида тинчликни сақлаш, ўзаро тушуниш ва дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун Муқаддас Князь Невский мукофоти билан тақдирланган. 

Элчи Булбулоғли Россия Президенти Владимир Путин билан давлат мукофотларини топшириш маросимида.

Грузия пойтахти Тиблисининг фахрий фуқароси саналувчи хонанда 1988-2006 йилларда Озарбайжонда Маданият вазирлигини бошқарган.

2009 йилда ўз ватанида “йил одами” бўлган Булбулўғли 2020 йилда Озарбайжоннинг олий ордени – “Ҳайдар Алиев” мукофоти билан тақдирланган. Совет эстрадасида замонавий ритмни ёрқин миллий оҳанг билан уйғунлаштириб, янги бир йўналиш яратган Пўлат 50 дан ортиқ фильмларда ҳам суратга тушган.

Амалдор Пўлат Булбулўғли Озарбайжон Президенти қабулида.

У оилали 3 нафар фарзанди бор. 2021 йилда турмуш ўртоғи Бела Руденко вафотидан кейин Гулнора Шихалиева билан оила қурган.

Маълумот учун, бугунга қадар Пўлат Булбулўғли билан бир қаторда Зайнаб Хонларова, Фирудин Сафаров, Насиба Абдуллаева, Гулянақ Маммадова, Фаррух Зокировлар Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артистлари бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Маданият қўшиқчи Пўлат Булбулўғли халқ артист

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made