Маданият соҳасига 1 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилади

Жамият

image

2030 йилга қадар маданият соҳасига 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва туризм соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва янги лойиҳалар тақдимоти билан танишиш чоғида маълум қилинди.

Аввало, Самарқанд шаҳрида 9 гектар майдонда янги Ипак йўли музейини барпо этиш режаси кўриб чиқилди. Лойиҳага кўра, ушбу музей экспозицияси археология, тасвирий санъат, амалий санъат материалларини қамраб олган 6 мингдан зиёд ноёб экспонатларни бирлаштиради. Музейда доимий ва вақтинча кўргазмалар учун экспозициялар, 160 ўринли аудитория, болалар академияси, консервация ва тадқиқот маркази, катта ҳажмли сақлов хоналари ҳам ташкил қилинади.

Тақдимотда аҳолини маданият муассасаларига кенг жалб қилиш, уларнинг мазмун-моҳияти ва иш услубини замон талаблари асосида янгилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шу муносабат билан республикадаги 839 та маданият марказини босқичма-босқич трансформация қилиш, биноларини замонавий қиёфага келтириш, фаолиятига хусусий секторни жалб қилиш, бу борада жозибадорликни ошириш бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Умуман, 2030 йилга қадар маданият соҳасига 1 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши белгиланди.

Андижон ёшлар симфоник оркестри ҳамда «Тумор» рақс ансамбли фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича билдирилган таклифлар маъқулланди.

Шу йил бошидан мамлакатга 3 миллионга яқин сайёҳ келиб, ўсиш суръати 37 фоизни, туризм хизматлари экспорти эса 48 фоиз ўсиб, 1,1 миллиард долларга етгани қайд этилди. 2030 йилга қадар 20 миллион хорижий сайёҳни жалб қилиш, 2026 йилда эса, 12 миллион туристга хизмат кўрсатиш мақсад қилинган.

Эндиликда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб, унинг туристик салоҳиятини ошириш бўйича манзилли дастурларни амалга ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу мақсадда ҳудудларда туризм инфратузилмасини жадал ривожлантириш ва соҳани лойиҳавий бошқарув асосида ташкил этиш чоралари кўриб чиқилди. Хусусан, 2026-2027 йилларда ҳудудларда 31 та мастер режани амалга оширишни бошлаш 40 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш, жойлаштириш воситалари сонини 8 минг 250 тага, туризм қишлоқлари ва маҳаллаларининг умумий сонини 84 тага олиб чиқиш режалаштирилган.

Тақдимотда республика туризм салоҳиятини халқаро бозорда кенг тарғиб қилиш бўйича ҳам янги ёндашувлар кўриб чиқилди.

Мутасаддиларга муҳокама қилинган лойиҳа ва ташаббусларни пухта ишлаб чиқиш, уларни аниқ ҳисоб-китоб ва режалар асосида амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев туризм Маданият

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг