Диний қўмита Facebook’даги шовшувли баҳс-мунозарага муносабат билдирди
Жамият
−
06 Февраль 2020
11880Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда, жумладан, Facebook саҳифаларида динга оид мавзуларда турли чиқишлар учрамоқда. Турли тортишув ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган мавзуларга Дин ишлари бўйича қўмита Матбуот хизмати ўз муносабатини билдирди.
“Аввало, диний таълимот ўта нозик ва ҳассос бўлгани туфайли муайян дин номидан ва унинг моҳияти ҳақида фақатгина мутахассислар муносабат билдиришлари мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Шуни қайд этиш лозимки, Ўзбекистон фуқароси (у ким бўлишидан қатъи назар) Конституция ва қонунларга риоя этиши, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдир.
Юртимиз ҳудудида диний манбалар, қадриятлар, муқаддас туйғулар ҳурмат қилиниши шарт. Уларга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатиш, ёмон муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 90 фоизидан ортиғи Ислом динига эътиқод қилади. Диний қўмита мўмин-мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларига катта эътибор берилаётган бир даврда уларнинг эътиқодларига тааллуқли масалаларда кенг жамоатчилик орасида салбий руҳдаги, кескин баҳс ва мунозараларга сабаб бўладиган фикр-мулоҳазаларнинг ифода этилиши ташвишланарли эканлигини таъкидлаган.
Facebook ижтимоий тармоғидаги “Сафар Каттабоев” номли профиль эгаси томонидан Ўзбекистонда Қуръони каримнинг айрим оят ва сураларини тақиқлаш кераклиги юзасидан билдирган қарашлари оммавий муҳокамага сабаб бўлмоқда.
Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг муқаддас китоби. Ундаги сура ва оятларни инсонлар томонидан тақиқлашга уриниш, Қуръони каримга нисбатан бундай фикр айтиш мантиқсизлик. Жамият мавжуд устувор ғояга қарши фикрлар ташлаш оқибатида, норозиликлар келиб чиқиши, ихтилофлар юзага келиши мумкинлиги воқеъликда маълумдир. Тарихда эса ана шундай ишларнинг охири аянчли якун топгани кўпчиликка маълум.
Яна бир муҳим жиҳатни ёдда сақлаш зарур. Интернет тармоқларидаги воқеа-ҳодисаларга фикр-мулоҳаза билдириш асносида эҳтиросларга берилмасдан, донишмандларча вазмин ва оғир-босиқ бўлиш лозим. Соф эътиқодли, кенг дунёқарашли киши бундай вазиятда қалб ва ақл амри билан иш тутади. Ҳиссиёт ва фитнага солмоқчи бўлганларга имкон бериш ақлдан эмас. Шу ўринда, муқаддас Қуръони каримни ўзгаришсиз сақланиши ҳақидаги Ҳижр сурасидаги: “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз сақлагувчимиз” оятини эслаган ҳолда, ҳадиси шарифда айтилганидек: “Мўмин киши оқил, фаросатли, зийрак ва ҳушёр бўлади”, дейилади Дин ишлари бўйича қўмита баёнотида.
Шу билан бирга “Сафар Каттабоев” номли профиль эгаси ва интернет фойдаланувчилари Ислом динининг мўътабар манбалари ва қадриятларига тааллуқли мавзуларда салбий баҳс-мунозаралар келтириб чиқарадиган фикрларни тарқатишдан сақланишдан қатъий чақирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида фуқароларнинг диний эътиқоди билан боғлиқ ҳис-туйғуларини ҳақоратлаш, диний қадриятларни оёқ ости қилиш, амалдаги қонун ҳужжатларида миллатлараро адоват уйғотиш, ахлоқий негизларни ва фуқаровий тотувликни бузишда, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмаларни тарқатиш ифодаланган хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун ҳам жавобгарлик белгилангани ҳақида огоҳлантирилган.
LiveБарчаси