Депутатлар Бош вазир ўринбосари Раматовнинг маълумотини қабул қилмади
Жамият
−
14 Ноябрь 2023
18336Бугун, 14 ноябрь куни бўлиб ўтаётган Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовнинг парламент сўровига юборган жавобини қабул қилмади.
Айтилишича, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Қонунчилик палатасининг тегишли қарори билан Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан парламент сўрови юборилган. Жорий йил 26 октябрида мазкур парламент сўровига жавоб сифатида Қонунчилик палатасига маълумот тақдим этилган.
Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Солиҳовнинг айтишича, тақдим этилган маълумотда асосий эътибор айнан парламент сўровида кўтарилган масалаларга қаратилмаган.
Солиҳовга кўра, тақдим этилган маълумотнома барча сиёсий партияларнинг фракциялари йиғилишларида муҳокама қилинган ҳамда маълумотлар етарли даражада тушунтириш берилмагани қайд этилган.
Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатасининг мажлисида Бош вазир ўринбосари мазкур парламент сўровини қайта кўриб чиқиб, унда қўйилган ҳар бир масала юзасидан жорий йилнинг 1 декабрига қадар тўлиқ ва асослантирилган жавоб бериш юзасидан тегишли қарор қабул қилинган.
Мажлисда депутатлар Бош вазир ўринбосаридан қўшимча жавоб олиш учун тайёрланган қарорни маъқуллади.
LiveБарчаси