Депутатларни популистик чиқишлар ёки блогерлар билан олишиш учун сайламаганмиз — Алламжонов

Жамият

image

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов депутатлар масаласида фикр билдириб, уларга “ҳал қилиш учун арзигулик бирон масала топилмай қолса, икки йил олдинги сайлов дастурини мониторинг қилиб чиқишни” маслаҳат берди.

“Депутатларимиз халқ манфаатига хизматчи эканликларини унутмасин. Биз уларга шу мақсадда овоз берганмиз, популистик чиқишлар ёки блогерлар билан олишиш учун эмас. Халқ сизга ишониб сайладими, ишончни оқланг. Мабодо, ҳал қилиш учун арзигулик бирон масала топилмай қолса, икки йил олдинги сайлов дастурингизни бир мониторинг қилиб чиқинг. Аниқ ишонаманки, ҳамма ваъдаларингизни ҳам бажариб қўймадингиз. Электоратингиз ва матбуотнинг қадрига етинг, агар қадри бўлса, албатта”, деб ёзади Алламжонов.

Шунингдек, у айни вақтда муҳокама марказида бўлиб турган янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги қонундан болалар учун мўлжалланган кўрсатувларда реклама бериш билан боғлиқ бўлган тақиқни (17-модда) олиб ташлашларини, ушбу қонуннинг янги лойиҳасидаги 42-моддани ҳам қайта кўриб чиқишни сўраган.

“Ушбу моддалардаги тақиқлар туфайли болаларга тегишли контент тайёрлаш фаолияти ривожланмаяпти. Чунки студия ва телеканалларга бу йўналиш даромад келтирмайди. Натижада, бизда мультсериаллар, тарбиявий ёки билим берувчи болалар кўрсатувлари деярли яратилмайди. Борлари ҳам давлат томонидан ажратилаётган арзимаган маблағ эвазига пайдо бўлмоқда. Оддий сўз билан айтганда, медиа-бизнес учун болалар йўналиши ўзини оқламайдиган йўналиш ҳисобланади. 

Албатта, ҳозир кимдир дарров оғзини кўпиртириб, фарзандларимизга реклама салбий таъсир ўтказади, бу тақиқлар тўғри, деб фикр билдириши мумкин. Лекин менинг фикримча, эркин бозор ишига турли бўлар-бўлмас, энса қотирар важлар билан аралашувларни бас қилиш керак. Бозорнинг ўзи ҳаммасини ўз изига солиб қўяди.

Етар, болаларимизни фақат “Карусель”, “Disney” каналлари ёки бўлмаса, “Маша и медведь”, “Фиксики” каби чет эл маҳсулотлари билан катта қилаётганимиз. Маҳаллий маҳсулотларимиз, ўз эртак қаҳрамонларимизни яратиш зарур. Шу пайтгача бир тузук болалар китоби, эртаклар, болаларбоп лойиҳалар деярли йўқ. Ҳаммаси ана шундай мантиқсиз турли тақиқлар туфайли ривожланмайди. Бола реклама кўрмасин деган билан, барча хорижий каналлар ёки YouTube’даги барча болаларбоп кўрсатувларда реклама бор. Реклама бу ҳар қандай сифатли медиа маҳсулотларнинг локомотиви ҳисобланади. Шуни унутманглар, ҳурматли депутатлар!” деб ёзган Масс-медиа фонди раиси.

Эслатиб ўтамиз, Комил Алламжонов мазкур қонун қабул қилинганига муносабат билдириб, уни матбуотга жиддий молиявий зарар келтириши мумкин бўлган ҳужжат деб баҳолаганди.

Кейинчалик ушбу қонун лойиҳаси бўйича “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров ҳам ўз фикрларини билдириб ўтганди.

Шундан сўнг, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Алламжонов

Баҳолаганлар

48

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made