Депутатлар янги таҳрирдаги Солиқ кодексини қабул қилди
Жамият
−
09 Декабрь 2019
4929Бугун, 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Мажлисида депутатлар иккинчи ўқишда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди ва қабул қилди.
Мазкур лойиҳа билан қабул қилинаётган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси юзасидан парламент қуйи палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари, Давлат бюджети бошқармаси ходимлари ҳамда Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида жуда кенг ва қизғин муҳокамалар ўтказилди.
Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида янги таҳрирдаги Солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритаётганларнинг қонуний фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш шартлигини айтиб ўтган эди. Бунда фуқаролар солиқдан қочиш эмас, балки уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши лозимлиги қайд этилганди.
Ана шуларни инобатга олган ҳолда, янги солиқ тизимини яратишда тенглик, соддалик, аниқлик ва самарадорлик каби асосий принципларга асосланилди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси жорий йилнинг 26 ноябрида депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилингани бежиз эмас.
Қайд этилишича, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ҳаволаки нормалар, қонуности ҳужжатларини максимал даражада камайтирган ҳолда, тўғридан-тўғри амал қиладиган ҳужжат сифатида қабул қилинмоқда. Шу боис, лойиҳада барча солиқлар бўйича ставкалар (акциз солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан ташқари) белгиланиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини соддалаштириш, ундаги зиддиятлар ва тушунмовчиликларнинг олдини олиш, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ назоратининг шакл ва механизмлари, солиқ объектлари, солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишни таъминлайдиган АКТни кенг жорий этиш билан боғлиқ бир қатор муҳим янгиликлар назарда тутилмоқда. Жумладан, солиқ назоратининг янги тартиби (камерал текширув, сайёр текширув, солиқ аудити) таклиф этилмоқда.
Таҳлика-таҳлил дастури жорий қилинмоқда. Ушбу дастур фаолият кўрсатаётган барча хўжалик субъектларини муайян мезонлар асосида, хавфлилик даражасига қараб, инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда 3 та сегментга (яшил йўлак, сариқ йўлак, қизил йўлак) ажратади. Унга биноан, хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлакча) корхоналарга нисбатан солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади. Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлакча) корхоналарга нисбатан фақат камерал солиқ текшируви амалга оширилади ва ушбу корхоналарга хато-камчиликларини бартараф этиш бўйича ҳисоботини тузатиш имкони берилади ҳамда уларга молиявий ва маъмурий жарималар қўлланилмайди. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерия ҳужжатларини ва ҳисобварақ-фактураларини сохталаштириш ҳолатлари аниқланган хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлакча) корхоналарга нисбатан эса, солиқ аудити текшируви тадбирлари амалга оширилади. Ўз-ўзидан аниқки, бундай корхоналар доимий назоратда бўлади.
Депутатларнинг фикрича, ушбу тадбирлар солиқ назоратини амалга оширишнинг шаффофлигини таъминлаб, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Лойиҳада солиқ тўловчилар ҳамда солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқлаштирилди. Солиқ текшируви турлари 13 дан 3 тургача қисқармоқда.
Бундан ташқари, киритилаётган янгиликларга кўра, ортиқча ундирилган суммаларга ҳар бир ўтган куни учун солиқ органлари томонидан солиқ тўловчига пеня тўланади. Хорижий сайёҳлар Ўзбекистонда сотиб олинган товарларга ҳисобланган қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) “Tax free” тамойили асосида қайтарилади. Мулкни (хизматларни) беғараз равишда топширишда тўланадиган ҚҚС бекор қилинмоқда. Давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар томонидан тўланаётган ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизга туширилмоқда.
Лойиҳада солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб варақлари бўйича операцияларни 30 кундан ошмаган муддатга тўхтатиб туриш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши бўйича янги меъёр киритилмоқда.
Солиқ ҳуқуқбузарликларига йўқ қўяётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий санкциялар қўллаш тартиби қайта кўриб чиқилмоқда.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасида солиқ низоларини судгача ҳал қилиш тартиби ҳам аниқлаштирилмоқда. Яъни, солиқ низоларини судгача муҳокама қилишни мажбурий ўтказиш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Умуман, мажлисда лойиҳада акс этган шу ва бошқа кўплаб янгиликлар, муҳокамаларда билдирилган ҳамда бевосита парламент қуйи палатаси депутатлари таклифи билан киритилаётган ўзгаришлар хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар мажлисларида, шунингдек, жойлардаги муҳокамалар жараёнида депутатлар, тадбиркорлар, олимлар, экспертлар ва мутахассислар томонидан 500 дан ортиқ таклиф ва мулоҳаза билдирилди. Мазкур таклифлар қонун ташаббускорлари билан ишчи гуруҳларида кўриб чиқилиб, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасига 70 дан ортиқ таҳририй ва концептуал ўзгаришлар киритилди. Жумладан, лойиҳадаги солиқ қарздорлиги кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш ваколати Давлат солиқ қўмитасига тақдим қилиниши таклиф этилган эди. Муҳокамалардан сўнг йирик корхоналарнинг солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича рухсат бериш ваколати Давлат солиқ қўмитасига, қолган солиқ тўловчилар бўйича эса, ҳудудий молия ва солиқ органларининг хулосаси асосида Халқ депутатлари вилоят кенгашига берилиши кўзда тутилмоқда.
Ўтказилган муҳокамаларда парламент аъзолари томонидан қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни такомиллаштириш, фойда солиғини тартибга солувчи нормага ўзгартиришлар киритиш, харажатларнинг “иқтисодий асосланганлиги” тўғрисидаги ноаниқликларни чиқариб ташлашга доир бир қатор таклифлар билдирилган бўлиб, уларнинг аксарияти лойиҳада акс эттирилди.
Умуман, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда тайёрлаш жараёнида жуда катта ҳажмли иш бажарилди. Лойиҳа ҳар тарафлама пишиқ-пухта ҳолга келтирилди.
Ана шундан келиб чиқиб, мажлисда лойиҳа иккинчи ўқишда бобма-боб, моддама-модда кўриб чиқилди.
Муҳокамалар чоғида депутатлар томонидан бир қатор муҳим фикр-мулоҳаза ҳамда таклифлар ҳам билдирилди. Қизғин кечган савол-жавоб ва тортишувлардан сўнг лойиҳа овозга қўйилди ва “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.