Депутатлар Тошкентда яна бир туман ташкил қилишни маъқуллади
Жамият
−
08 Сентябрь 2020
8968Тошкент шаҳрида туманлар сони биттага кўпайди. Ўзбекистон Республикаси Қонунчилки палатасининг бугун, 8 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида пойтахт чегарасини ўзгартириш масаласи кўрилди.
Мажлисда депутатлар Тошкент вилояти Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Ўртачирчиқ туманларининг, Тошкент шаҳри Сергели ва Бектемир туманларининг, шунингдек Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрининг чегараларини ўзгартириш ҳамда Тошкент шаҳри таркибида Янгиҳаёт туманини ташкил этиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.
Ўзгаришларга кўра, Тошкент шаҳри ҳудудидан 2 131,2 гектар, шу жумладан, Сергели туманидан 1 864,2 гектар ва Бектемир туманидан 267,0 гектар ҳамда Тошкент вилояти ҳудудидан 2 288,4 гектар, яъни Зангиота туманидан 492,0 гектар, Қуйичирчиқ туманидан 128,7 гектар, Янгийўл туманидан 264,4 гектар ва Ўртачирчиқ туманидан 1 403,3 гектар ер майдонлари Янгиҳаёт тумани таркибига ўтказилади.
Маълумот учун,Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 29 май куни Тошкент шаҳри Сергели туманига ташрифи давомида пойтахтда янги туман ташкил қилишга кўрсатма берганди.
Қайд этилишича, янги туман тузилиши мазкур ҳудудда ягона бошқарувни йўлга қўйган ҳолда, аҳоли учун ижтимоий-маиший қулайликлар яратишни назарда тутади.
Тошкентда бугунгача 11 та туман мавжуд бўлган. Булар: Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Миробод, Яшнобод, Сергели, Чилонзор, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Олмазор, Учтепа, Бектемир туманлари.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь