Ўзбекистонда IMEI-кодларини клонлаш учун жавобгарлик белгиланди
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
3776Кеча, 19 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда айрим ҳуқуқбузарлар томонидан хориждан олиб келинаётган ёки блокланган уяли алоқа қурилмаларига кам ҳақ эвазига ўзгаларнинг IMEI-кодларини кўчириб бериш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқларига зарар етказиб, мобиль телефон ўғирлиги, шунингдек, мобиль телефонларни қўлга киритиш мақсадида босқинчилик, талончилик ва бошқа оғир турдаги айрим жиноятлар сонининг ошишига ҳамда уларнинг аксарияти фош этилмасдан қолишига сабаб бўляпти.
Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг шу йил 5 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, консептуал жиҳатдан қабул қилинган эди. Лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилган. Уларда депутатлар, экспертлар, ҳуқуқшунослар томонидан берилган барча таклифлар, фикр-мулоҳазалар чуқур таҳлил қилиниб, уларнинг аксарияти лойиҳа матнида акс эттирилган ҳолда қонун лойиҳаси маромига етказилган.
Депутатларга кўра, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган янги турдаги жиноятларнинг олдини олишга, жавобгарликнинг муқаррарлигини ва фуқаролар хавфсизлиги таъминланишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинган.
LiveБарчаси