Депутатлар 2021 йил учун Давлат бюджетини қабул қилди

Жамият

image
image

Кеча, 1 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Маълум қилинишича, биринчи ўқиш билан иккинчи ўқиш оралиғида бўлиб ўтган фракциялар, масъул қўмита ҳамда ишчи гуруҳ йиғилишларида қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган 100 га яқин таклифлар билдирилган.

Муҳокамалар натижасида қонун лойиҳасининг қатор муайян нормаларига аниқлаштирувчи тузатишлар киритилганидан ташқари тегишли моддаларга 23 та принципиал ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Депутатларнинг ўринли таклифлари асосида ҳукумат вакилларининг розилигида лойиҳа 1 та мутлақо янги модда билан тўлдирилди. 

Бундан ташқари, депутатлар таклифига кўра, 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасида умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун қўшимча 100 миллиард сўм, “Эл-юрт умиди” фондига қўшимча 32,5 миллиард сўм, Ахборот-кутубхона марказларида кутубхона фондини янгилаш ва тўлдириш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Мажлисда депутатлар мактаблар ва таълим-тарбия масалаларига йўналтираётган бюджет маблағларини қўпайтириш имкониятларини қайта кўриб чиқишни тавсия этган. 

Шу билан бирга, халқ вакилларининг Давлат бюджети даромадларининг манбалари ва харажатларини таҳлил қилиш натижасида давлат дастурлари доирасида ажратилиши лозим бўлган маблағларни 2021 йил бюджетида акс эттиришга эришилган. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолининг соғлом овқатланишини, тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига янги механизмларни жорий қилиш харажатларига 63,4 миллиард сўм, юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини ривожлантириш дастурига 104 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Шунингдек, келгуси йилларда тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғидан келадиган тушумларни алкогол маҳсулотлари учун акциз солиғи каби ҳудудларга республика аҳолисидаги улушига мувофиқ тақсимланишини ҳамда Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалдаги солиқ имтиёзларини тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва уларни бекор қилиш юзасидан таклифлар билдирилган.

Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинган ҳамда Сенатга юбориладиган бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Давлат бюджети

Баҳолаганлар

134

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг