Депутат: “Карантин вақтида давлат аввало уч тоифа оилаларга ёрдам бериши керак”

Жамият

image

Ўзбекистонда деярли бир ойдан бери карантин режими ҳукм суряпти. Одамларнинг иши тўхтаган, аҳолининг катта қисмида даромадлар ойдан-ойга етиб олишга мўлжалланганини ҳисобга олсак, бир ойдирки ишламаётган одамларнинг яшаш учун маблағи ҳам тугаган ёки тугаш арафасида. Давлат уларни қўллаб-қувватлаши керак. Аммо давлатнинг бир ўзи ҳаммага ёрдам бериши қийин. Солиқ тушумлари келиши ҳам тўхтаган бир вақтда бу янада мушкул вазифа.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев айни вазиятда давлат биринчи навбатда қўллаши керак бўлган уч тоифага тўхталиб ўтди

“Ҳозирги карантин шароитида уч тоифадаги оилалар энг қийин даврни бошидан ўтказмоқдалар.

Биринчи тоифа бу ўз уй-жойига эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар ҳисобланади. Чунки улар даромад топадиларми-йўқми, ижара ва коммунал тўловларни ҳар ой тўлашга мажбур. Карантин даврида эса уларнинг аксарияти ишсиз қолишди. Аммо ижара тўловларини тўламаса, бошпанасиз қолиши ҳам ҳеч гап эмас. 

Энг ёмони, уларнинг аксариятида ўзлари яшаётган жойида пропискаси бўлмайди. Табиийки, маҳалладан олинадиган моддий ёрдам ёки озиқ-овқат маҳсулотлар олиш имконияти чекланади. 

Иккинчи тоифа - фақатгина чет элда ишлаётган оила аъзосининг даромадига қараб қолган оилалар. Сабаби бугун аҳолимизнинг аксарият қисми ишлаётган Россия Федерацияси ва Қозоғистонда ҳам карантин эълон қилинган. 

Уларнинг оила аъзолари карантин шароитида маблағсиз қолмоқда. Боиси улар на кам таъминланган оилага, на етарли таъминланган оилага кирадилар.

Учинчи тоифа - кундалик даромадга асосланган ишларни қилиб юрган ватандошларимиз. Яъни кафе, ресторанларда ишлаётган ходимлар ёки бўлмаса киракашлик билан шуғулланиб тирикчилик қилиб яшаётган фуқароларимиз. Агарда карантин даври чўзиладиган бўлса, фуқароларимизнинг ушбу қатлами янада қийналиши аниқ.

Афсуски, бу каби оилаларга зарурий озиқ-овқатни етказиш билан бирламчи эҳтиёжини тўлиқ қоплай олмаймиз. 
Шунинг учун уларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор таклифларни илгари сурамиз. 

Биринчидан, жойлардаги ҳокимликлар маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда юқоридаги тоифаларга мансуб оилаларни пропискасидан қатъий назар аълоҳида рўйҳатини шакллантириши керак. 

Бу каби оилаларни рўйхатга олишга ижтимоий тармоқлар ва ягона телефон тармоғи орқали амалга ошириш ҳам мумкин.  

Иккинчидан, рўйхати шакллантирилган оилаларга заруратга қараган ҳолда банклар томонидан ҳар ойда маълум суммадан вақтинча қисқа муддатлик (3 ой 5 ой ойлик) микрокредит ажратиш йўли билан қўллаб-қувватлаб туриш зарур.

Учинчидан, ҳомийлик жамғармалари ҳисобидан аҳолига нақд шаклда ёки пластик картага ўтказиш орқали 3 ойлик муддатга фоизсиз ссуда бериб туриш лозим. 

Аҳамиятлиси, мазкур таклифларни амалга ошириш бўйича қонунчилик механизмлари шакллантирилган. Фақат ижрочилардан озгина ташаббускорлик кўрсатилса, бас.

Албатта, юқоридаги таклифларни ўқиб, давлат ва банклар томонидан ўзи шунча маблағ йўналтирилмоқда-ку, дея эътирозлар билдирилиши мумкин. Аммо бир нарсани унутмаслик лозимки, агар фуқароларимиз витаминли, калорияли таомларни истеъмол қилмас экан, бу касаллик бизни тарк этиши узоққа чўзилаверади. 

Ўз-ўзидан, фуқароларимизнинг яшаш даражаси пасайяди ва камбағал оилалар сони янада ошади. Натижада бугун берилмаган бир сўмимиз эртага уч сўм зарарга айланади. Бундан энг аввало банкларимиз ва давлат бюджети азият чекади. 

Шунинг учун ҳамжиҳатликда, фуқароларни қўллаб-қувватлашга қилинган ҳар бир саъй-ҳаракат эртага ўз натижасини бериши табиий”, дейди Мақсад Қурбонбоев.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 19 мартдаги фармони билан инқирозга қарши чоралар доирасида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига 500 миллиард сўм қўшимча маблағ берилиши белгиланди. 3 апрель куни Президент тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги фармон имзолади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш доирасида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Хайрияларни мувофиқлаштириш маркази ташкил этилган. Аҳолини мурожаатлари билан тизимли ишлаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида очилган Call-марказнинг  1197 қисқа рақами соат 9:00 – 17:00 оралиғида мунтазам ишламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

181

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг