Давлатнинг бошига иш тушганда, монополлар қай бурчакда ётибди?
Интервью
−
22 Апрель 2020
22343Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилганига бир ойдан ошди. Мамлакатда беморлар сони 1692 нафарни ташкил этмоқда. Улардан 424 нафари соғайди, 7 нафари вафот этди. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон Россиядан 500 та сунъий нафас олиш мосламаларини харид қилди.
Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига Осиё тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банкининг 30 миллион доллар маблағи эвазига ўпкани сунъий вентиляция қилувчи 2 минг 300 та аппарат ва бошқа ускуналар сотиб олиш вазифаси қўйилди.
Ўзбекистонда ўтган 30 йил давомида бир қатор маиший техникалар, тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқариш корхоналари иш бошлади. Уларнинг айримлари мамлакатда кенг қулоч ёзиб, нари-бериси билан монополга айланди. Хўш, бутун дунё, жумладан Ўзбекистоннинг бошига оғир кун келганда улар қаерда? Нега фалон миллионга хориждан харид қилинаётган техникалар ўзимизда ишлаб чиқарилмайди? Тадбиркорман деб бонг урадиганлар, кўкрак керадиганлар айни шу вақтда давлатнинг корига ярамайдими? Ё уларнинг тадбиркорлиги хорижда чиққан телефону телевизорнинг матоҳларини ўзимизга олиб келиб, теришгачами?
QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Респуликаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати – “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Акмал Бурхоновга юқоридаги савол билан юзланди.
“Бундай вазиятда кимнидир танқид қилиш тўғри бўлмас, лекин танқид деб қаралса ҳам айтиш керакки, бизнесни, ҳатто, нодавлат-нотижорат ташкилотларни ҳам бугунги вазиятга мослаша олмаганини кўришимиз мумкин. Ҳатто, кўп бизнес ҳамжамияти нолишни бошлаяпти: бизда муаммо бўляпти, эртага нима қиламиз? Нимага мослашиш ҳақида ўйлашмайди? Ёки бўлмаса нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳақида гапирсак, жуда кўп эди бонг ураётган, ёрдам берадиган фондлар. Ҳозир шуларни кўрмаганимиз учун давлат томонидан хайрияларни мувофиқлаштириш маркази тузишга мажбур бўлинди. Мен бу марказнинг фаолияти ҳам тизимли бўлиши учун нодавлат ташкилот бўлиши тарафдориман.
Бизда мобиллик етишмаслиги, ҳатто, шу вақтда ҳам кўринди. Бизнесда ҳам шундай. Бу монополиянинг оқибатлари. Яъни монопол ташкилотларнинг ўзи бунга ўрганиб қолган, шундай пайтда ҳам эртага кўпроқ имтиёз оламан деб, имтиёзга ўрганиб қолган. Монопол бўлмаган ташкилотлар эса “биз қилмасак ҳам монопол ташкилотларга барибир берилади”, деган кайфиятда бўлиши мумкин”.
Ўзбекистон ўтган вақт ичида сунъий нафас бериш қурилмасидан ташқари, Хитойдан 200 минг дона, Германиядан 50 минг дона тестларни харид қилди. Бу орада мамлакатда антисептик воситалар, ҳароратни ўлчовчи техник буюмларнинг нархи кўтарилди. Ҳарорат ўлчаш мосламалари импорт бўлгани учун сифати юзасидан эътироз билдириш мавриди эмас. Нега шу мосламалар ўзимизда, айталик Artel заводида ишлаб чиқарилмаяпти?
Хўш, қайсидир тадбиркор ҳароратни ўлчовчи мосламаларни ишлаб чиқармоқчи ёки хориждан арзон нархда тестлар олиб келинишига ҳисса қўшмоқчи бўлса қайси ташкилот эшигини қоқиши керак? Бунинг шаффоф тизими мавжудми? Акмал Бурхонов бу саволга қуйидагича жавоб берди?
“Бундан бир неча кун аввал “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати иккита баёнот берди. Биринчиси нодавлат-нотижорат ташкилотларга, иккинчиси бизнес ҳамжамиятига қаратилган эди. Айнан шу тестларни олиб келишда ёрдам бериш масаласида мурожаат қилгандик. Мана, Қирғизистондан ўрнак олишимиз керак. Мен Қирғизистонни ҳам кузатиб бордим. Йирик тадбиркорлар чет элдаги ҳамкорлари билан келишиб, тестларни сотиб олиш бўйчи давлат томонидан ёрдам сўради. Қани бизда ўша ташаббус?
Бизда бундай мурожаатлар учун Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси, Бизнес омбудсман бор. Бундан ташқари алоҳида Telegram-канал очилди. Энг асосийси, биз “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати бор. Биз доим кўприк вазифасини ўтаганмиз. Бизга қайси мурожаат келаётган бўлса, махсус комиссияга, Ҳукуматга ҳамда Президент Администрациясига киритиб боряпмиз ва унинг аксарияти қўллаб-қувватланяпти”, дейди депутат.
Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ва YouTube’даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси