Давлат органлари ўз пиари учун 700 млн сўмгача пул сарфлаши аниқланди

Жамият

image

Давлат органлари ўз фаолиятига доир маълумот, PR мақолаларни кенг аудиторияга эга ахборот ресурслари орқали эълон қилиш мақсадида 50 миллиондан 700 миллион сўмгача, вилоят ҳокимликлари 50-100 млн сўмгача, айрим давлат иштирокидаги корхоналар эса 3-4 млрд сўмгача бўлган миқдордаги шартномалар имзолаган. Бу бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўрганиш ишларини олиб борганини QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.

“Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ўрганишларига кўра, ташкилий тузилмасида ахборот хизмати штат бирликлари мавжуд бўлсада, айрим давлат идоралари ёки давлат иштирокидаги корхоналар томонидан интернет нашрлари ва реклама агентликлари билан йирик миқдордаги тўғридан-тўғри шартномалар тузилгани аниқланди”, дейилган мақолада.

Ўрганишларга кўра, ОАВнинг аудиторияси, нуфузи ва бошқа бир қатор кўрсаткичларидан келиб чиқиб, 1 та ахборот (мақола) жойлаштириш ёки бошқа турдаги PR хизматлари учун нархлар ўртача 1,5 млн сўмдан 30 млн сўмгача бўлган миқдорларни ташкил этганлиги аниқланган.

“Эътиборлиси, ушбу шартномаларнинг аксарияти тўғридан-тўғри тузилган бўлиб, айрим шартномалар бўйича маблағлар ажратилишининг ҳуқуқий асослари мавжуд эмаслиги аниқланди. 
Хусусан бюджет ташкилотларига тегишли бўлган жамғармаларнинг Низомида ушбу мақсадларга пул маблағлари ажратиш назарда тутилмаган.
Ушбу ҳолатлар маблағларнинг мақсадсиз сарфланишига олиб келганлиги билан бир қаторда турли коррупциявий омилларни келтириб чиқишига сабаб бўлган”, деган агентлик.

Таъкидланишича, давлат органларининг етакчи ОАВлар билан реклама бўйича шартномаларни имзолаши бу кенг жамоатчиликнинг, шу жумладан, мазкур ОАВлар томонидан буюртмачи ташкилот фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириши учун салбий таъсир кўрсатади.

“Ваҳоланки, қонунчиликда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ахборот хизматининг асосий вазифалари белгилаб берилган бўлиб, юқорида қайд қилинган шартномалар предмети аслида ахборот хизматининг функционал вазифаси ҳисобланади”, дея эслатган агентлик.

Шунингдек, Антикоррупция агентлиги ўрганиш натижалари бўйича аниқланган ҳолатларда давлат ташкилотлари бюджет пулларини амалдаги қонунчилик нормаларига мувофиқ асосли сарфланганини кўриб чиқиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборган.

“Ушбу соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилди.

Жумладан, барча давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ОАВ, реклама агентликлари ва бошқа тадбиркорлик субъектлари билан матбуот анжумани, брифинг, мавзули телекўрсатув ва бошқа тадбирларни ўтказиш, реклама жойлаштириш, мақола чоп этиш юзасидан тузилган шартномалар тўғрисидаги маълумотларни белгиланган ресурс ва муддатларда мажбурий равишда очиқ эълон қилиб бориш тартибини жорий қилиш таклиф этилмоқда” дея хулоса қилинган мақолага.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов давлат ташкилотларининг пиар компаниялари ҳақида гапириб, давлат идоралари ва ташкилотлари, шу жумладан, давлат улуши бўлган корхоналар ўзларининг пиар кампанияси учун сарфлаётган маблағлари тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уларнинг ҳуқуқий асоси ва манбасини жамоатчиликка очиқлаши зарурлигини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

пиар Акмал Бурхонов Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made