Давлат ерини аукционда “келиштириб” беришни ваъда қилганлар ушланди
3-саҳифа
−
14:11 538 2 дақиқа
Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 2 гектар давлат захирасидаги ерни аукцион орқали арзон нархда олиб беришни ваъда қилган Экология бўлими бош мутахассиси ва унинг кадастрдаги таниши 12 млн сўм олаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Олтинсой тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Узун тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси М.Б. фуқаро Р.Ю.га “Уланқул” МФЙ ҳудудидаги давлат захирасида бўлган 2 гектар ер майдонини аукционга чиқариб, арзон нархда олиб беришини айтган. Бунинг эвазига у 2 минг АҚШ доллари талаб қилган ва келишилган пулдан 12 млн сўмни олаётган вақтида қўлга олинган.
Давом эттирилган тезкор тадбирда эса Узун тумани Давлат кадастрлар палатасининг ерларни аукционга чиқариш шўъбаси етакчи мутахассиси К.Н. М.Б.дан 12 млн сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Билдирилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда фуқаронинг савдо дўконидаги электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиши сабаб юзага келган 400 млн сўмлик қарздорлигини танишлари орқали камайтириб беришни ваъда қилган шахс 3 минг доллар олаётганда ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси