Давлат тилида таҳсил олмаган битирувчилар ҳам ўзбек тилида мажбурий имтиҳон топширади
Жамият
−
23 Апрель
4619Эндиликда Ўзбекистонда таълим тили ўзбек тили бўлмаган синф битирувчилари ҳам давлат тилидан имтиҳон топширади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарованинг кеча, 22 апрель куни чиқарилган буйруғида келтирилган.
Умумий ўрта таълим олувчиларнинг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга кўра, битирувчи синфларда якуний аттестация ўтказиладиган фанлар рўйхати, шакли ва муддатлари ҳар ўқув йилида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади. Бунда ушбу рўйхатга таълим тили ўзбек тили бўлмаган мактаблар учун давлат тили мажбурий фанлар блокига киритилади.
Якуний давлат аттестацияси доирасида 11-синф битирувчилари мажбурий ҳамда танлов фанлари бўйича якуний аттестациядан ўтказилади. Бунда, танлов фанлари рўйхатидан битирувчи олий таълим ташкилотига кириш имтиҳонидаги ўзи танлаган йўналишга мос фанларни танлаши мумкин.
Хорижий тиллар ҳамда умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган ўқувчи якуний аттестация топшириладиган фандан озод этилади. Бунда, хорижий тиллар ҳамда умумтаълим фанлари бўйича миллий ва халқаро тан олинган сертификатлар рўйхати Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2025 йил 20 февралдаги 65-сонли буйруғи билан таълим тили ўзбек тили бўлмаган синф битирувчилари ҳам давлат (ўзбек) тилидан имтиҳон топшириши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси
Доллар курси яна ошди.
15 Июль
Москва яна сув остида қолди.
15 Июль