Давлат қашшоқлашиб қолмайди: Андижон вилояти “каттаси” проектор учун 1 млрд ажратди
Жамият
−
09 Апрель
14653Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов мажлислар залига лазерли видеопроектор сотиб олиш учун 1 миллиард сўм ажратди. Ҳокимнинг шу ҳақдаги тегишли қарори кеча, 8 апрель куни қабул қилинган.
Қарорда ёзилишича, вилоят бюджетининг 2025 йил захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан Андижон туман маҳаллий бюджетига Янги Андижон мажлислар залига лазерли видеопроектор техникаларини сотиб олиш харажатлари учун 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилган.
“Вилоят бюджетининг 2025 йил захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан, Андижон туман ҳокимининг 2025 йил 7 апрелдаги хатини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 73-моддаси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунининг 6-, 21-1 -моддаларига асосан Андижон туман маҳаллий бюджетига Янги Андижон мажлислар залига лазерли видеопроектор техникаларини сотиб олиш харажатлари учун 1 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилсин”, дейилади ҳоким қарорида.
Шунингдек, Абдураҳмонов вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасига қабул қилган қарорига мувофиқ 2025 йил харажатлар режасига ўзгартириш киритилишини ҳам қўшимча қилган.
Абдураҳмонов Андижон туман ҳокими Бобурбек Юлдашевга ажратилган маблағларни мақсадли ва самарали ишлатилишини ҳамда харид қилинган қурилмаларни туман ҳокимлиги балансида сақланиши таъминланишини буюрган.
Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшодбек Каримовга юклатилган.
LiveБарчаси