Давлат грантида ўқиган талабаларнинг 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади
Жамият
−
25 Май
3581Таълим гранти иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик рейтинг кўрсаткичларига эришган ва ижтимоий фаол талабалар орасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади. Бу ҳақда “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда “Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офисининг 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб олий таълим ташкилотлари талабаларига давлат грантини ижтимоий-рағбатлантирувчи грант ва таълим гранти шаклида ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Белгиланишича:
- ижтимоий-рағбатлантирувчи грант қонунчиликда белгиланган имтиёз бўйича давлат гранти асосида ва мақсадли қабул доирасида талабаликка қабул қилинган талабаларга, шунингдек, тармоқ ва соҳаларнинг, давлат органлари ва ташкилотларининг грантлари соҳиблари учун ажратилади;
- таълим гранти давлат буюртмаси параметрлари доирасида олий таълим ташкилотига қабул қилинган талабалар учун ажратилади;
- 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат ва магистратурага қабул қилинган талабаларга таълим гранти бир ўқув йили учун ажратилади.
Бунда:
- таълим гранти биринчи курсда олий таълим ташкилотларига ажратилган давлат буюртмаси квотасига мувофиқ кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаган талабаларга ажратилади;
- таълим гранти иккинчи ва ундан кейинги курсларда юқори академик рейтинг кўрсаткичларига эришган ва ижтимоий фаол талабалар орасида олий таълим ташкилотлари томонидан табақалаштирилган тартибда қайта тақсимланади;
- таълим гранти табақалаштирилган тартибда молиялаштирилади ва стипендия фақат тўлиқ таълим грантини ютган талабаларга тўланади;
- ижтимоий-рағбатлантирувчи грант соҳиби бўлган талабаларга давлат гранти уларнинг ўқиш даври учун тўлиқ ҳажмда тақдим этилади;
- таълим гранти асосида таҳсил олган талабаларнинг ўқишни тамомлаганларидан сўнг камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти бекор қилинади.
Ҳабиб Жўрабоев
LiveБарчаси