Давлат Бобонов Trailblazer, уй ва 50 000 долларни нима қилди?
Спорт
−
21 Август 2021
61212Токио шаҳрида ўтказилган XXXII Олимпия ўйинларида дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари кўплаб медаллар олиши кутилганди. Бироқ Илиас Илиадис шогирдлари Олимпиада ўйинларида муносиб иштирок эта олмади. Якунда эса 10 нафар ўзбекистонлик дзюдочидан фақатгина Давлат Бобонов шоҳсупадан жой олди.
Жорий йилнинг 19 август куни Токио шаҳрида ўтказилган XXXII ёзги Олимпия ўйинларининг якунлари ва сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида бронза медаль соҳиби Давлат Бобонов QALAMPIR.UZ мухбирининг саволларига жавоб берди.
Ҳумоюн Орипов, мухбир: — Ўзбекистон дзюдочилари “Катта дубулға” туркумидаги мусобақалар ва Осиё чемпионатида яхши натижа кўрсатди. Лекин Жаҳон чемпионати ва Олимпиада ўйинларида фақат сиз медаль қўлга киритдингиз. Ғалабалардан кейин “юлдузлик касалига” чалинмадингизми?
Давлат Бобонов, дзюдо бўйича Токио Олимпиадаси совриндори: — Саволингиз ўринли, бир нарсани айтиб ўтишим керак, Олимпиада умуман бошқа даражадаги мусобақа экан. “Катта дубулға” турнири, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари масъулиятини тарозининг бир палласига қўйганимизда ҳам, Олимпиаданинг юки уларни босиб кетади. Ҳозирча юлдузлик ҳиссиёти бўлмади. Чунки бунга ҳаққимиз йўқ. Президентимиз билан учрашувда уларнинг қўлларидан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи” унвонини қабул қилиб олдим. Келгуси мусобақаларда яхши натижалар кўрсатишга ваъда бердим. Уларни амалга ошириш учун икки-уч баравар кўпроқ куч билан ҳаракат қиламан.
Ҳ.О.: — Олимпиадага жўнаб кетишдан аввал, жамоавий мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоасининг имконияти ҳақида фикр билдирган эдингиз. Агар, Нидерландия жамоасига қарши кечган баҳсда ғалаба қозонганингизда Ўзбекистон 4:2 ҳисобида ғалаба қозониб, чорак финалга йўл олган бўларди. Мағлубият сизга ортиқча босим юкламадими?
Д.Б.: — Агар Олимпия ўйинларининг жамоавий баҳсларида ғалаба қозонганимда, жамоамиз кейинги босқичга чиқар эди. Ундан икки кун аввал, 5 та дзюдочи билан курашдим. Унинг босими ва чарчоқ аломатлари жуда оғир. Бутун жамоа менга ишонган, мағлубиятимни эса кутмаганди. Татамига чиққан пайтимда ўз кучимнинг 50-60 фоизи қолганини ҳис қилдим. Жамоадошларимнинг ишончини оқлай олмаганимдан афсусдаман. Кейинги мусобақаларнинг жамоавий баҳсларида кўп бор курашамиз. Насиб қилса, Осиё ўйинлари, Осиё ва Жаҳон чемпионати ҳамда Париж Олимпиадасида бундай хатоларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламан.
Ҳ.О.: — Сизга берилган уй, пул ютуғи ва автомобилни нима мақсадда ишлатасиз?
Д.Б.: — Токиодан қайтган кунимиз, Президентимиз томонидан уй, автомобиль ва пул мукофотлари берилди. Автомобилни дадамга совға қилдим. Уйни бориб кўрдим ва яшаш ниятим бор. Пулни нимага ишлатишни эса ҳали ўйлаб кўрмадим.
Маълумот учун, ўзбекистонлик дзюдочилар Давлат Бобоновга қадар Олимпиада ўйинларида 6 та медаль қўлга киритган. 1996 йилги Афина Олимпиадасида Армен Багдасаров кумуш, 2008 йилги Пекин Олимпиадасида Абдулла Тангриев кумуш, Ришод Собиров эса бронза медалига сазовор бўлган. Собиров 2012 йилги Лондон ва 2016 йилги Риода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида ҳам бронза медаль билан тақдирланган. Диёрбек Ўрозбоев эса Рио Олимпиадасида иштирок этиб, бронза медаль совриндорига айланган.