“Давлат ҳеч қачон ўз худудига ҳужум қилмайди”. Украинанинг Донбассдаги позицияси маълум қилинди
Олам
−
12 Апрель 2021
5998Украина Донбассда уруш қилишни режалаштирмаяпти. Бу хақда Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг матбуот котиби Юлия Мендель “Дом” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Гап шундаки, Украина хеч қачон ўз худудига ҳужум қилмайди ва ўз халқига қарши курашмайди”, дейди Юлия Мендель.
Шунингдек, Президент матбуот котиби фикрлари давомида музокаралар орқали тинчликка эришиш мумкинлигига ишониши ва барча эҳтимолий йўллар билан тинчликка интилаётганларини айтиб ўтди.
Маълумот учун, Донбассдаги қарама-қаршиликлар етти йилдан бери давом этмоқда. Уларда тахминан 13 минг киши ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Киев Донбассда уруш бўлишини истамаслигини, бироқ Украина армиясига ҳужум қилиш хавфи бўлган тақдирда Украина Донбассда ўқ узишини айтганди.
Ҳудуддаги вазиятнинг кескинлашуви фонида бир қатор давлатлар, хусусан Франция ва Германия хавотирга тушган бўлса, АҚШ Президенти Жо Байден Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимий равишда қўллаб-қувватлашини маълум қилган. Сиёсий экспертлар эса Донбассдаги вазиятнинг кескинлашувини Украинанинг сўнгги пайтлардаги НАТОга қўшилиш томон фаол ҳаракатлари билан боғламоқда.
Украина Президенти Владимир Зеленский Донбассда вазият кескинлашган бир даврда ҳарбий туташув чизиғига борди. У дубулға ва ўқ ўтказмайдиган нимча кийиб, Донбассдаги ҳарбийлар хандағига тушди.
Маълумот ўрнида, Донбасс минтақаси Украинанинг Донецк ва Луганск ҳамда Россиянинг Ростов вилоятларини ўз ичига олади. Ушбу ҳудудда 2014 йилдан бери ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Конфликт бир томондан Украина Қуролли кучлари, иккинчи томонда икки алоҳида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск Халқ Республикалари ўртасида бормоқда. Ушбу икки давлат Украинадаги 2014 йилги сиёсий инқироз вақтида вужудга келган. Донецк ва Луганск Халқ Республикаларининг иккиси ҳам на Украина ва на жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган.
Бокирхон Қосимхонов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь