Зеленский дубулға ва ўқ ўтказмайдиган нимча кийиб, Донбассдаги ҳарбийлар хандағига тушди
Олам
−
09 Апрель 2021
7006Украина Президенти Владимир Зеленский Донбассда вазият кескинлашган бир даврда ҳарбий туташув чизиғига борди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Президент Зеленский ишчи сафари чоғида мудофаанинг энг олди позицияларида хизмат вазифасини ўтаётган ҳарбийлар билан суҳбатда бўлиб, уларга мукофотлар топширган.
“Одамларнинг тинчлигини сақлаб, еримизни ҳимоя қилаётганингиз учун сизга ташаккур айтаман. Сиз қаҳрамонлик ва фидойиликнинг ҳақиқий намунасисиз. Биз давлатимизни ҳимоя қилган ҳолда ҳалок бўлган ҳеч бир аскарни унутмаймиз”, дейди Зеленский.
Президент Администрацияси томонидан эълон қилинган фотосуратларда Зеленский дубулға ва ўқ ўтказмайдиган нимча кийиб, хандаққа тушиб, ҳарбийлар билан мулоқот қилаётгани акс этган.
Зеленский Донбассга ҳарбий туташув чизиғида вазият оғирлашган бир пайтда келди. ЕХҲТ мониторинг миссиясининг маълумотларига кўра, 2-5 апрель кунлари Украина ва ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк Халқ Республикаси ўртасидаги ҳарбий туташув чизиғида 1400 дан ортиқ, Луганск билан ҳарбий туташув чизиғида эса 126 дан ортиқ қоидабузарликлар қайд этилган. Бу Донбассда 2020 йилнинг 22 июлида сулҳ ўрнатилганидан бери юз берган энг жиддий эскалациядир.
Аввалроқ, ОАВда Россия ўз қўшинларини Украина билан чегара ҳудудларига йўналтираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Хусусан, “The New York Times” газетаси Россия у ерга 4 минг кишилик қўшинни жойлаштиргани ҳақида ёзганди.
Бундан ташқари, Украина Қуролли Кучларининг Бош қўмондони Руслан Хомчакнинг таъкидлашича, 30 мартга қадар Россия армиясининг 28 та батальон-тактик гуруҳлари чегара бўйлаб жойлаштирилган. Зеленский ушбу хабарларга изоҳ бериб, Россияни “мушаклар ўйинида” айблади.
Ўз навбатида, Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков ғарбий ОАВда тарқалётган кескин айбловларга жавобан Россия армияси раҳбарияти лозим деб топган мамлакатнинг исталган нуқтасига жойлашишини таъкидлаган.
LiveБарчаси