Дарёга қулаган автобус: қурбонлар етти нафарга етди
Олам
−
11 Май
6665Кеча, 10 май куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида йўловчи автобусининг дарёга қулаши оқибатида қурбон бўлганлар етти нафарга етди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар ёзди.
Аввалроқ, Санкт-Петербург шаҳридаги Мойка дарёсига қулаган автобуснинг ҳайдовчиси Тожикистонда туғилган, айни пайтда Россия фуқароси бўлган Раҳматшоҳ Қурбонов экани маълум бўлганди. Дастлабки тергов натижаларига кўра, у транспорт воситасининг тормози ишламай қолганини айтган.
Гувоҳларнинг айтишича, Қурбонов аввал машинадан тушиб, автобус томидаги эшикни очмоқчи бўлган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаган. Бу ишни ёрдамга ошиққан ўткинчилар амаллаган.
Янгиланган маълумотларга кўра, ҳайдовчи ҳозирда шифохонада оғир аҳволда экани айтилмоқда. Ҳайдовчининг рафиқаси "78 ТВ" телеканалига интервью бериб, воқеадан бир кун аввал эри тун бўйи ишлагани ва бор-йўғи беш соат ухлаганидан сўнг мажбуран ишга жалб қилинганини таъкидлаган. Шунга қарамай, Раҳматшоҳ Қурбонов воқеанинг бош айбдори сифатида кўрилмоқда.
Транспорт воситаси тегишли бўлган "Такси” МЧЖ автобус техник кўрикдан ўтказилгани ва таъмирланганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербург марказида 20 га яқин йўловчиси бўлган автобус дарёга тушиб кетгани ҳақида хабар бергандик.
LiveБарчаси