Дарёга қулаган автобус: ҳайдовчи фожиага нима сабаб бўлганини айтди
Олам
−
12 Май
41565Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича Бош тергов бошқармаси 10 майда йўловчилари бўлган автобуснинг Мойка дарёсига қулаши оқибатида 7 киши ҳалок бўлган ҳолат бўйича Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш) 3-қисми билан жиноий иш қўзғатди ва ҳозирда тергов давом этмоқда. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси хабар берди.
“Санкт-Петербургда автобуснинг дарёга қулаши оқибатида одамларнинг ўлими билан боғлиқ жиноий иш бўйича одамларни ташишни ташкил этган “Такси” МЧЖ карвони бошлиғи гумонланувчи сифатида қўлга олинди”, дейилади хабарда.
Лавозимига мувофиқ, унга “Такси” МЧЖда меҳнат ва транспорт интизомига, шу жумладан, ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат қилиш вазифалари юклатилган эди. Тергов маълумотларига кўра, дарёга қулаган автобус ҳайдовчисига бир неча кун давомида керакли дам олиш вақти берилмаган. Ушланган шахсга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ва айблов эълон қилиш масаласи ҳал қилинмоқда.
Бугун, 12 май куни автобус ҳайдовчиси Раҳматшоҳ Қурбонов Октябрь туман судига олиб кетилди ва унга нисбатан эҳтиёт чораси тайинланди.
“У хотиржам кўринди. Бурнига пластир ёпиштирилган эди. Унинг айтишича, тормоз билан боғлиқ муаммолар бўлган”, деб ёзади “Фонтанка”.
Маълумот учун, 10 май куни автобус қирғоқда иккита машинага бориб урилган, панжарани бузиб ўтиб, сувга қулаган. Сўнгги маълумотларга кўра, автобуснинг Мойкага қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 7 кишига етган. “Канал 78” портали хабар беришича, тожикистонлик автобус ҳайдовчиси Раҳматшоҳ Қурбоновнинг рафиқаси эри деярли бир кун ишлаганини айтган.
“Тунда сменадан эрталаб соат 2-3 да қайтди ва эрталаб соат 5 дан ишлаганди. Эрталаб соат 8 яримда уйғониб, рейсга чиқишга мажбур бўлди", дейди аёл.
LiveБарчаси