Дард устига чипқон: Ҳиндистонда коронавирус фонида “қора моғор” эпидемияси тарқалди
Олам
−
09 Май 2021
18665Ҳиндистонда янги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ қийин вазият фонида мукормикоз эпидемияси қайд этилди. Бу ҳақда "India Times" Ҳукумат маълумотларига таяниб хабар берган.
"Қора моғор" деб номланган ноёб замбуруғ инфекцияси кўпинча коронавирусга чалинган ёки COVID-19 дан тузалиб кетган беморларда аниқланмоқда.
Таъкидланишича, Ҳиндистоннинг Гужарат штатида касаллик авж олган, у ерда ҳозиргача 100 дан ортиқ мукормикоз ҳолати қайд этилган.
Бундан ташқари, қўшни Маҳараштра штатида замбуруғ инфекциясининг юзлаб ҳолатлари аниқланган, у ерда саккизта COVID-19 касаллари "қора моғор" юқтиргани сабабли бир кўзи кўр бўлиб қолган ва яна 200 киши ундан даволанмоқда.
Айни пайтда Аҳмадобад фуқаролик шифохонасида ушбу инфекция билан касалланганларни даволаш учун ҳар бири 60 ўринли иккита алоҳида бўлим ташкил этилган, бошқа шифохоналарда ҳам шу каби бўлимларни яратиш режалаштирилган.
Расмийлар касалликни даволаш учун 5000 флакон дори сотиб олган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистонда коронавирус билан касалланганлар сони бўйича антирекордлар ўрнатилмоқда. 7 май куни мамлакатда бир кунда 414,1 мингта янги ҳолат аниқланганди.
LiveБарчаси